22 Март 2022 йил 515

Жарқўрғонда ҳайдовчи ЙПХ инспекторига пора таклиф қилди.

2022 йил 20 март куни Жарқўрғон тумани "Какайди" қўрғонида хизмат олиб бораётган Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бўлинмалари саф бўлинмалари ЙПХ батальони 3-сафарбар гуруҳ ЙПХ инспектори сафдор Нурмаматов Эркин Абсоат ўғли "Nехiа" русумли транспорт воситасининг ҳаракати шубҳа туғдирганлиги сабабли тўхтатиб ҳайдовчиси А.С. билан суҳбатлашиш жараёнида ҳайдовчидан спиртли ичимлик ҳиди келиб турганлигини сезади ва хизматда фойдаланиш учун ўзига бириктирилган "Алкотестор" мосламаси орқали текшириб кўриб, ҳайдовчининг (0.377 мг/л) мастлик ҳолатини аниқлайди. Инспектор ҳолат юзасидан йўл ҳаракати қоидаларининг 12-бандига мувофиқ ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштиради ҳамда транспорт воситасини вақтинчалик сақлаш учун жарима майдонига жойлаштиради.
Шундан сўнг фуқаро А.С. ЙПХ инспектори жарима майдонидан чиқиб кетаётган вақтида унга нисбатан чора кўрмасдан автомашинани жарима майдонидан чиқариб беришини илтимос қилиб, эвазига 300 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилади. ЙПХ инспектори сафдор Нурмаматов фуқарога бу таклифи қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлишини, жиноятга бошламаслигини айтиб, тушунтиришига қарамай ҳайдовчи пора таклиф қилишда давом этади.
Шундан сўнг, ЙПХ инспектори сафдор Нурмаматов Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи номига фуқаро А.С. га нисбатан чора кўришни сўраб, билдирги билан мурожаат қилади. ИИВ ШХББ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси масъул ходимлари ушбу билдиргига асосан 2022 йилнинг 21 март куни соат 12:00 ларда Жарқўрғон тумани прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда туманнинг "Исмоилтепа" маҳалласида жойлашган жарима майдони ёнида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро А.С. ЙПХ инспекторига 300 АҚШ доллари миқдоридаги купюраларни пора тариқасида бераётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланди ва ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан, Жарқўрғон тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ма'лумот учун; Сурхондарё вилоятида йил бошидан ҳозирга қадар ҳайдовчилар томонидан олти маротаба ЙПХ инспекторларига пора таклиф қилиниб уларга нисбатан қонуний чора кўрилмоқда .

Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизмати

Text to speech