“Жарқўргон бозорида катта жанжал солиқчи ва хоким ваъдасини бажармади, кучи аёлларга eтдими энди?” деб номланган видеомурожаат юзасидан Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти “Жарқўрғон деҳқон бозори” атрофида ноқонуний савдо фаолияти билан шуғулланиб келаётган бир гуруҳ фуқароларнинг мутасаддилардан норозилиги тўғрисидаги видео мурожаатлари тарқалди.
Мазкур ҳолат Жарқўрғон туманининг “Ўзбекистон” кўчасида жойлашган туман деҳқон бозорига туташ пиёдалар йўлакчаси ҳамда бозор атрофидаги аҳоли истиқомат қилувчи кўчаларда бир гуруҳ фуқаролар қўлбола расталар тайёрлаб, ноқонуний тарзда савдо фаолияти билан шуғулланиб келишган. Пиёдалар ўтиш йўлаги ва аҳоли яшовчи йўлни тўсиб қўйиб, ноқонуний тарзда ёйма бозор ташкил этган ушбу фуқаролар Жарқўрғон тумани давлат солиқ инспексияси ходимлари томонидан бир неча маротаба огоҳлантирилишларига қарамай қонунга хилоф равишда савдо фаолиятини давом эттиришган.
Бу эса, ўз навбатида бозорга кириб-чиқиш ва пиёдалар йўлакчасидан фойдаланишда аҳолига бир қатор ноқулайликлар туғдириб келаётганди. Бундан бир неча кун олдин Жарқўрғон тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги назорат тадбирида, ноқонуний савдо фаолияти билан шуғулланиб келаётган ушбу фуқаролар яна бир бор огоҳлантирилган.
Ушбу ҳудудда ноқонуний савдо фаолияти билан шуғулланиб келаётган сотувчиларни кўчириш жараёнида, сотувчилар Солиқ инспекцияси ходимларига фаол қаршилик кўрсатишган. Солиқ ходимларининг чақирувига асосан Жарқўрғон тумани ИИБ ходимлари бозор ҳудудида жамоат тартиби таъминлаш учун жалб этилган ва фуқаролар хавфсизилиги ҳамда жамоат тартибини сақлаган ҳолда қонунда белгиланган тартибда хизмат олиб боришган.
Кўчириш жараёнида туман ИИБ ходимлари томонидан ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилмаган.
Туман давлат солиқ инспексияси биносида ушбу фуқаролар иштирокида учрашув ўтказилиб, ноқонуний тарзда ва белгиланмаган жойларда савдо фаолияти билан шуғулланиш қонуний тартибда чора кўрилишига сабаб бўлиши тушунтирилган.
Шунингдек, туман ҳокимлиги вакиллари ушбу фуқароларга қурилиши битмаган янги савдо мажмуасидаги бинодан вақтинчалик фойдаланиб туришлари мумкинлиги ва ҳеч қандай ижара ҳақи олинмаслиги тўғрисида тушунтириш ишларини олиб боришган.
Эслатиб ўтамиз, Солиқ кодексининг 219-моддасида жисмоний шахс томонидан тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга ошириш, — бундай фаолиятдан олинган даромадларнинг ўн фоизи миқдорида, лекин бир миллион сўмдан кам бўлмаган миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати