24 Ноябр 2023 йил 1285

Жарқўрғонда профилактика инспекторлари учун амалий семинар ўтказилди

Бугунги кунда Ички ишлар органлари жиноятларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки уларнинг содир этилишига йўл қўймаслик ва барвақт олдини олиш борасида ишламоқда. Хусусан, жорий йилнинг 24 ноябрь куни Сурхондарё вилояти ҳудудида маҳалла “еттилиги” фаолиятини намунали ташкил этиш масалаларига бағишланган семинарлар ташкил этилди.

Худди шундай тадбирларидан бири Жарқўрғон туманида ташкил этилиб, унда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Абдувоҳид Исмоилов воҳадаги профилактика инспекторлари билан учрашди.

Тадбир аввалида, соҳадаги ислоҳотлар натижасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусан, унда профилактика инспекторларининг маҳаллаларда олиб борадиган асосий ишлари, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш вазифалари, фуқаролар томонидан қилинаётган мурожаатларни ўрганиш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.

Тадбир давомида, ўз хизмат ҳудудида намуна кўрсатиб ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларнинг очилишида жонбозлик кўрсатган профилактика инспекторларининг бир гуруҳини тақдирлаш ва бир гуруҳига навбатдаги ҳамда муддатидан илгари махсус унвонлар бериш маросими ўтказилди.

Шундан сўнг, профилактика инспекторлари Жарқўрғон туманидаги қизил тоифага киритилган "Сурхон сохили", "Дўстлик" ҳамда "Янги обод" маҳаллаларида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар билан вилоятнинг барча профилактика инспекторлари яқиндан таништирилди. Маҳаллани тўлиқ камералаштириш орқали интеграция қилинган хизмат хоналари кўздан кечирилди. Маҳалла профилактика инспектори билан еттиликнинг ҳамда бошқа ҳуқуқ тартибот идораларининг ҳамкорликдаги вазифалари ўрганилди.

Айтиш керакки, бугунги кунда ҳудуддаги қизил тоифадаги ҳудудларни яшил тоифга ўтказиш учун барча куч ва воситалар жалб қилинган ҳолда ушбу маҳаллалардаги асосий кўчалар ҳамда аҳоли гавжум жойлар ва муҳим объектларда кузатув камералари ўрнатилди. Ҳудудга Йўл патрул хизмати ҳамда Патруль- пост хизмати ходимлари, шунингдек, Милий гвардия ходимларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари бириктирилди. Кузатув камераларининг барчаси маҳалла профилактика инспекторларининг хизмат хоналари ҳамда Ҳуқуқтартибот масканига интеграция қилинди. Бу эса қизил тоифадаги ҳудудлардаги вазиятни тўлақонли назорат қилиш имконини бермоқда.

Text to speech