Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида"ги фармонга мувофиқ, фуқаролиги бўлмаган, бошқа давлат фуқаролигини олмаган ва мамлакатимизда доимий яшаб келаётган шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги берилди.
Ушбу қарор инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида қабул қилинди.
Мазкур Фармон асосида
Сурхондарё вилоятида 56 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди. Шу муносабат
билан вилоят ҳокимлигида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Сурхондарё
вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов фуқаролик мақомини олган шахсларга Ўзбекистон Республикаси
фуқаролигини тасдиқловчи ID карталарни топшириб, уларни ушбу муҳим воқеа билан самимий
қутлади. Шунингдек, тадбирда вилоят прокурори Бахтиёр Бабажанов ва Ички ишлар бошқармаси
бошлиғи Тимур Исмоилов ҳам иштирок этдилар.
Учрашувда сўзга чиққанлар Ўзбекистон фуқаролигини олиш фуқаролиги бўлмаган шахсларга мамлакатнинг барча ҳуқуқ ва эркинликларидан тўлиқ фойдаланиш имконини беришини, уларнинг ижтимоий ҳимояси ва ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.