1 Апрел 2025 йил 200

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида"ги фармонга мувофиқ, фуқаролиги бўлмаган, бошқа давлат фуқаролигини олмаган ва мамлакатимизда доимий яшаб келаётган шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги берилди.

Ушбу қарор инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида қабул қилинди.

Мазкур Фармон асосида Сариосиё туманида 3 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди. Шу муносабат билан туман  ҳокимлигида тадбир ташкил этилган эди.

Тадбирда Сариосиё тумани ҳокими Абдуқодир Донаев фуқаролик мақомини олган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ИД карталарни топшириб, уларни ушбу муҳим воқеа билан самимий қутлади. Шунингдек, тадбирда туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Ғ.Хўжамқулов ва Сариосиё тумани Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи капитан Ғ.Эргашев ҳам иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон фуқаролигини олиш фуқаролиги бўлмаган шахсларга мамлакатнинг барча ҳуқуқ ва эркинликларидан тўлиқ фойдаланиш имконини беришини, уларнинг ижтимоий ҳимояси ва ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Text to speech