18 Апрел 2024 йил 246

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда Сурхондарё вилояти Ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ёш ходимлар ўртасида “Аждодлар изидан” интеллектуал ўйини ўтказилди.

Мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимлари, ёш ҳарбий хизматчилар ва курсантларнинг миллий давлатчилигимизнинг вужудга келиши ва тараққий топган даврларда ҳарбий соҳада эришилган ютуқлари, шон-шуҳратларини замондошлар онгида абадийлаштириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Айниқса, ёш авлоднинг дунёқараши, қалбида миллий қадриятлар руҳи, миллат тамаддунига дахлдорлик, она-Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш буюк аждодларимиз мерос қилиб қолдирган асарларини ўрганиш мақсадида турли маданий-маърифий тадбирлар асосида китобхонлик танловлари ва интеллектуал ўйинлар ўтказилмоқда.

Хусусан, ички ишлар органлари тизимида хизмат олиб бораётган ёш ходимларнинг китоб ўқиш ва китобхонлик салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида, жорий йилнинг 18 апрел куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан Сурхондарё вилояти ички ишлар органлари ёш ходимлари ўртасида “Аждодлар изидан” интеллектуал ўйини ташкил этилди.

Бунда жамоалар ушбу танловнинг биринчи босқичида “Темур тузуклари”, Саид Аҳмаднинг “Уфқ”, Мирмухсиннинг “Хўжанд қалъаси” ҳамда Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” асарлари асосида тайёрланган саволлар бўйича ўзаро беллашишди.

Ушбу интеллектуал ўйинда бошқарманинг соҳавий хизмат ва барча шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари ҳамда Ички ишлар вазирлиги Сурхондарё Академик лицейидан ташкил топган жами 18 та жамоалар иштирок этишди.

Қизғин ва муросасиз бахсларда кечган интеллектуал ўйинининг якуний натижаларига кўра 3-ўринни Жарқўрғон тумани ички ишлар бўлими жамоаси, 2-ўринни Термиз шаҳар ички ишлар бошқармаси жамоаси қўлга киритган бўлса, мусобақанинг мутлоқ ғолибига лойиқ деб топилган Музработ тумани ички ишлар бўлими жамоаси 1-ўринни эгаллаб, танловнинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритишди.

Танлов сўнгида ғолиб жамоалар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилояти Кенгашининг диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Text to speech