21 Сентябр 2021 йил 2114

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилайлик!

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни, Миллий гвардия Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси, барча шаҳар ва туманлар Қўриқлаш бўлимлари шахсий таркиби ўртасида, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъул ходимлари иштирокида, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиниши таъминлаш юзасидан навбатдаги профилактик учрашувлар ташкил этилди.
Унда мутахассислар томонидан, узоқни яқин, оғирни енгил қилувчи автомобиль инсонга дастёр бўлсада, йўл ҳаракати қоидалари бузилганда у фожиа сабабчисига айланиши мумкинлигини, автотранспортни бошқариш чоғида эътиборни қаратиш лозим бўлган қоидалар ҳақида тўхталиб ўтилди. Ҳаракатни тартибга солувчи йўл белгиларига риоя этмаслик ҳамда тезликни ошириш, шунингдек, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш оқибатида вилоят ҳудудида содир бўлаётган автоҳалокатлар хусусида атрофлича маълумотлар берилди. Соҳа ходимлари янада сергак бўлиши, хизмат ва шахсий автотранспорт воситаларини бошқаришда ўзининг юксак маданиятини ифода этиши, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиши кераклиги огоҳлантирилди.
Мулоқот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан аниқ жавоб ва тушунчалар олдилар. Шунингдек, тадбир сўнгида барча ҳайдовчи ходимларнинг шахсий ва хизмат автоуловлари техник кўрикдан ўтказилиб, уни бошқариш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжатлари вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъуллари томонидан яна бир бор кўздан кечирилиб, қўшимча йўриқномалар берилди.

Text to speech