Хавфсиз туризм ортидан мароқли саёҳат
Ички туризмни ривожлантириш бу мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади. Бугина эмас, балки фуқароларимизга ажойиб саёҳат завқини туйишдек имкониятни ҳам ҳадя қилади. Шу боис, юртимизда ушбу йўналишни ривожлантириш мақсадида қатор шароитлар яратилмоқдаки, бу борада Сурхондарё вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ҳам ўз ташаббуслари билан чиқмоқда.
Қандай ташаббус дейсиз-ми? Яъни, бошқарма ходимлари юртимизнинг турли муқаддас қадамжоларини зиёрат қилмоқчи бўлган саёҳатчиларни манзилларига хавфсиз, тартибни сақлаган ҳолда кузатиб боришмоқда.
Жорий йилнинг март ойида ёшлар онгида тарихий обидалар орқали уларнинг ўтмиш билан юзлашишлари, дунёқарашларини кенгайтиришлари учун Музработ туманидаги 14-сонли, 17-сонли, Қумқўрғон туманидаги 14-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати, Денов туманидаги 81-сонли ва Термиз шаҳридаги 24- сонли умумий ўрта таълим мактабларининг ўқитувчи ва ўқувчиларини иборат саёҳат қилиш истагидагиларни Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги тарихий қадамжоларга бориб-келишларида бошқарма ходими бириктирилди. Ходим ўқувчи ва ўқитувчиларнинг жамоат тартибига риоя қилишларини мунтазам назорат остига олишди.
Албатта, ички ишлар ходимларининг назорати остида саёҳатга отланган фарзандини ота-оналар ҳам кўнгиллари таскин топган ҳолда саёҳатга кузатишади. Ҳарҳолда, масъулиятни ўз зиммасига олган орган ходимлари ҳар қандай вазиятда ҳам уларга жавобгар бўлган ҳолда, хавфсизликни таъминлаш учун бор имкониятларини сафарбар этишади.
Республикамиз ҳудудида ички туризмни ривожлантириш ҳамда аждодларимизнинг бизгача қолдирган меросимизни, қадриятларимизни, урф-одатларимизни, мўжизакор буюк бунёдкорлик ишларидан баҳраманд бўлиш истагидаги воҳадошларимизнинг истакларини амалга ошириш борасидаги ишлар давом этмоқда.
Сурхондарё вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси