6 Апрел 2020 йил 846

Воҳанинг чекка қишлоқ жойларидаги аҳвол ўрганилди

Жорий йилнинг 29 март куни Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқарамаси бошлиғи полковник А.Исмоилов, бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Ш.Бўронов, Узун тумани ҳокими Б.Турсунов ҳамда Узун тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник М.Ишкараевлар томонидан Узун туманининг энг чекка ҳудудида жойлашган маҳаллаларда яшовчи кам таъминланган оилаларнинг турмуш тарзи ва яшаш шароити ўрганилди.

“Боботоғ”, “Оқмачит”, “Толтўғай” ҳамда “Янгиобод” маҳаллалари ҳудудида фаолият олиб бораётган савдо дўконларидаги нарх-наволар, дорихоналарда аҳоли учун қандай дори дармонларга эҳтиёж борлиги, тез-тиббий ёрдам бўлимининг ҳамд 76-сонли Қишлоқ оилавий поликлиникасида яратилган шарт-шароитлар ўрганилиб, аниқланган муаммо ва камчилликларни зудлик билан бартараф этиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни тўла қондириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Мазкур ҳудуд туман марказидан 100 километр узоқликда жойлашган бўлиб, аҳоли учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини сунъий оширилишининг олдини олиш мақсадида 15 тонна ун ҳамда картошка махсулотлари олиб борилиб бир қоп ун 139.000 (бир юз ўттиз тўққиз) минг сўмдан,  1кг картошка 3500 (уч минг беш юз) сўмдан сотилиши қатъий қилиб белгиланди.

Ташриф давомида, дунё бўйлаб кенг тарқалиб бораётган коронавирус пандемияси ва унга қарши курашиш, бу касалликнинг олдини олиш мақсадида, эълон қилинган  карантин қоидаларига ва белгиланган чекловларга қатъий риоя этишлари ҳамда жамоат жойларида ниқобларни тақиб юришлари, мақсадсиз уйидан чиқмасликлари борасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга рўзғор учун керакли бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

Text to speech