Вилоят ИИБ ходимлари 5 йўналиш бўйича беллашишди
Бугун Термиз шаҳрида Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида «Амир Темур ўғлонлари» ва «Жалолиддин Мангуберди ворислари» номидаги вилоят ҳокими соврини учун кўрик-танлов бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ шахсий таркибидаги санъатга ошно бўлган ходимлар бахшичиликда, рассомчиликда, от чоптириш, китобхонлик ва чанқовуз чалиш маҳорати бўйича ўзаро беллашишди.
- Руҳияти тетик одам ўз ишига ҳам бошқача ёндашади, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Менгнор Алламуродов. Айниқса, адабиёт, санъат ва мусиқанинг бу жараёнда муносиб ўрни бор. Шу боис, бугун ички ишлар тизимида хизмат қилаётган ходимлар ўртасида китобхонлик маънавиятини тарғиб қилиш, уларни санъатнинг турли йўналишлари, хусусан, аждодлардан бизга мерос бўлиб келаётган бахшичилик, чанқовуз чалиш каби турларига ошно қилиш мақсадида ана шундай кўрик-танловларни ўтказиш белгиланган. Бугунги тадбирда ҳам санъатга ошуфта, от чоптиришга уста моҳир орган ходимлари саралаб олинди.
Дастлаб, мўйқалам ёрдамида моҳирона санъат асари ярата олиш қобилиятига эга иқтидор эгалари ўзларининг ватанпарварлик руҳи билан йўғрилган асарларини намойиш этишди. Шундан сўнг, энг сара китобхон ходим танлаб олинди. Дўмбирани сайратиб, бахшиёна куйлаётган иштирокчиларнинг ҳам чиқишлари воҳадаги донгдор бахшиларимиз томонидан баҳолаб борилди.
Олис-олис Сурхон тоғларию ундаги зилол чашмаларнинг овозидан дарак берадиган чанқовузнинг сирли куйи ҳамманинг юрагига ҳаяжон солди. Этларни жимирлатди, юракларни титратди. Ундан сеҳрли куй таратишни қойиллатганлар ҳам бир-биридан ўзаман дейди. Улар ҳам ҳакамларнинг муносиб баҳосига, йиғилганларнинг эса олқишига сазовор бўлишди.
Азалдан от миниб катта бўлган Сурхонннинг мард ўғлонлари Термиз туманидаги «От чопар» майдонида яна бир бор маҳоратларини кўрсатишди. Уларнинг чиқишларини эса Йилқичилик ва от спорти федерацияси вакиллари кузатиб боришди.
Мусобақалар ниҳоялангач, ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати