Вилоят ИИБ бошлиғи Узун туманидаги "Оқтумшуқ" ва "Улонқул" маҳалласи аҳолиси билан учрашди
Мамлакатимизда сўнгги йилларда аёллар масаласида жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларимиз учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, ёшларнинг ўз билим ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишини таъминловчи тизим яратилди.
Бунга ҳамоҳанг равишда вилоят ИИБ томонидан "Ёшлар ва аёллар" учрашувлари ўтказиб келинмоқда. Навбатдаги учрашув Узун туманидаги "Оқтумшуқ" ва "Улонқул" маҳаллаларида бўлиб ўтди.
Учрашувда чекка ҳудуддаги бандлиги таъминланмаган ёшлар, аёллар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, маҳаллий кенгаш депутатлари иштирок этди. Тадбир давомида юртимизда ёшларнинг билим олишлари ва иш билан таъминлаш учун яратилаётган шароитлар хусусида сўз юритилди. Худди шундай, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг ижроси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Сайёр учрашувда вилоят ИИБ бошлиғи маҳаллалардаги ёшлар ва аёлларнинг мурожаатларини тинглади. Келиб тушган 85 та мурожаатдан 18 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 22 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. Вақт талаб қиладиган 45 та мурожаатнинг ижроси назоратга олинди.
Мулоқот давомида учрашувга ташриф буюрган фуқаролар томонидан асосан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ер майдони ажратиш, молия муассасаларидан кредит олиш, спорт майдонини замон талабларига мослаш ва зарурий анжомлар билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш ва ичимик суви ўтказиш, моддий ёрдам ажратиш, ишга жойлашиш каби масалалар кўтарилди.
Сайёр учрашув давомида шу жойнинг ўзида тегишли идоралар масъуллари жалб этилган ҳолда муаммоларни ҳал этиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Тадбир давомида аҳолининг соғлигини тиклаш, тиббий маслаҳат бериш ва кўрикдан ўтказиш мақсадида тиббий кўрик ҳам ташкил этилди. Вилоят марказидан кўчма Мобил афтолмологик клиника билан биргаликда 30 дан ортиқ касалликлар бўйича малакали шифокорлар жалб қилинди.
Тиббий кўрик давомида аниқланган касалликларга ташхис қўйилиб, маслаҳатлар, жиддий касалликлари бор беморларга эса вилоят марказий шифохоналарига даволанишлари учун йўлланмалар ҳам берилди.
Тадбир доирасида вилоят ИИБ бошлиғи, Ёшлар агентлиги раҳбари ҳамда мутасаддилар иштирокида маҳалладаги хонадонларда бўлишиб, аҳолининг турмуш тарзи ва яшаш шароитлари билан яқиндан танишдилар. Хусусан, "Оқтумшуқ" маҳалласида яшовчи Равшан Муродов хонадонида бўлишиб, томорқадан олинаётган даромад, оила фарзандлари билан эса касб-ҳунарга қизиқишлари борасида суҳбатлашдилар.
Маҳаллада эшик ва ром тайёрлайдиган кичик цех фаолияти билан яқиндан танишар экан ИИБ бошлиғи тадбиркорнинг бугунги фаолияти, иш жараёнида уни қийнаётган муаммолар, шу билан биргаликда янги иш ўрни яратиш, маҳалла ёшларига ҳам ушбу ҳунарни ўргатиш, шогирдлар тайёрлаш борасида маслаҳатлар берди.
Сўнгра аҳоли билан олиб борилган суҳбат давомида билдирилган муаммоларни ҳал этиш мақсадида маҳалла кўчалари, хонадонлар аҳволи кўздан кечирилди, фуқаролар билан яқиндан суҳбатлашилди. Маҳалладаги 600 метр ички йўлда вилоят автомобил йўллари бош бошқармаси ходимлари билан биргаликда қум ва тош тўшамалари тўшалди. Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга бир марталик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам тарқатилди.
Куннинг иккинчи ярмида давом эттирилган сайёр қабулда ҳам аҳоли томонидан билдирилган барча муаммолар, таклиф-мулоҳазалар ўрганилиб, ечими бўйича чора кўрилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, бундай учрашув ва сайёр қабуллар орқали «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритиладиган ишсиз ёшлар ва хотин-қизларда мотивация уйғотилиб, касбий кўникмалар шакллантирилади. Мамлакат келажагини таъминловчи аёллар ва ёшлар масаласида мутлақо янги, замон талабларига мос иш услублари асосида муаммолар ечимига эришилади. Бу эса, ўз навбатида, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизлар ва ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ўзларининг иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишига кенг имкониятлар яратади.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати