14 Ноябр 2020 йил 769

Вилоят ИИБ бошлиғи жиноятчилик салмоғи ошган маҳаллаларга бормоқда

Бугун айрим маҳаллаларда жиноятчилик умуман содир этилмаганидан қувонсак, лекин айримларида бунинг аксини кўриб, бироз кўнглимиз хира тортади. Айни пайтда Сурхондарё вилоят ИИБ бошлиғи А.Исмоилов айнан ушбу масалани бефарқ қолдирмаяпти.
А.Исмоилов Жарқўрғон туманидаги ана шундай ҳудудлардан бири «Янгиобод» маҳалласида бўлди. У ердаги таянч пунктида бўлиб, профилактика инспекторидан тортиб барча маҳалла фаоллари, ҳамкор ташкилот вакиллари билан учрашди.
Айтиш керакки, «Янгиобод» маҳалласи Жарқўрғоннинг қоқ марказида жойлашган. 636 та хонадонда 3931 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 15 та турли корхона ва ташкилотлар фаолият юритади. Ўтган йили маҳаллада бирорта ҳам жиноятчилик қайд этилмаганди, аммо бу йил уларнинг сони 4 тага ошган.
А.Исмоилов учрашув жараёнида бунинг сабаблари билан қизиқди. Ўз навбатида, маҳаллада ҳуқуқбузарлик ва жиноятликнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини янада кучайтириш, бошқа ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйиш бўйича тавсиялар ҳам бериб ўтди. Айниқса, вояга етмаганлар билан ишлаш, уларни соғлом турмуш тарзига риоя этиб яшаши, спорт билан шуғулланиши, умуман, бўш вақтларини мазмунли ташкил этилаётгани ёки йўқлигини қатъий назоратга олиш лозимлигини таъкидлади.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech