Вилоят штабида кунлик ишлар муҳокамаси ўтказилди
Улуғбек Қосимов вилоят, шаҳар ва туманлар Штабларининг бугун амалга оширган ишларини муҳокама қилди. Унда ҳар бир шаҳар ва туманга бириктирилган масъул раҳбарларнинг ҳудудий штаблар томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлари тингланди.
Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини электр энергияси, газ ва ичимлик суви билан таъминлашда аниқланган муаммолар муҳокама марказида бўлди. Жумладан, Олтинсой туманидаги марказий шифохонанинг иситиш тизими яхши ишламаганлиги сабабли беморларнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқарганлиги танқид қилинди ва аниқланган муаммони бир кун муддатда бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.
Вилоят раҳбари томонидан аҳолига сифатли кўмир, суюлтирилган маиший газ балонларини ўз вақтида етказиб бериш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Бундан ташқари, аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлган Ангор тумани деҳқон бозоридаги арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси номига ташкил этилганлиги, маҳсулотлар белгиланган нархларда сотилиши йўлга қўйилмаганлиги сабабли ушбу бозор раҳбарини лавозимидан озод этиш бўйича масъулларга топшириқ берилди. Шунингдек, бир нечта масъуллар мазкур ҳолатларни назорат қилмаганлиги учун огоҳлантирилди.