27 Декабр 2022 йил 639

Вилоят ҳокими ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишди

Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимов бугун Термиз шаҳридаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишди.

Шаҳар секторлари раҳбарлари, ободонлаштириш бошқармаси ходимлари билан бўлган учрашувда соҳадаги мавжуд муаммолар тилга олинди, махсус техникаларнинг жорий ҳолати кўздан кечирилди. Мутасаддиларга бир кун муддатда соҳа ходимларининг барчасини бир хилдаги махсус қишки кийимлар билан таъминлаш вазифасини юклади.

– Сиз менинг энг яқин кўмакчим бўласиз. Сизнинг машаққатли меҳнатингиз сабаб вилоятимиз маҳаллалари, кўчалари ва хиёбонларида ободлик ва кўркамлик бўлади. Ободлик бор жойда файзу-барака, ишимизда унум, фуқароларимиз кайфиятида кўтаринкилик бўлади. Шунинг учун бу борада Сизнинг ёрдамингизга суянамиз – деди вилоят раҳбари соҳа жонкуярларига.

Шунингдек, мутасадди раҳбарлар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларига ободонлаштириш соҳаси ишчи ходимлари учун Янги йил байрами совғаларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокими йўллар инфратузилмаси билан танишиб, бу борада камчиликлар кўплигини, қурилиш ишлари охирига етказилмаганлиги, бу эса ўз навбатида аҳоли кайфиятига таъсир қилиб, уларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлишини таъкидлади. Ўрганиш давомида соҳа масъулларидан мавжуд муаммолар юзасидан ҳисобот олиниб, уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Вилоят ҳокими шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасига масъул раҳбарлар билан ҳам учрашиб, кузги шудгорлаш ҳамда экинлар парвариши бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олиш учун тузилган шартномаларни мониторинг қилиш бўйича ишчи гуруҳлар тузиш ва ишларни сифатли ҳамда ўз муддати амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Text to speech