7 Январ 2023 йил 449

Вилоят кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати реконструкция қилинади

Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудларда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши ва жойлардаги муаммоларни ўрганиш мақсадида Шўрчи туманига ташриф буюрди.

Давлат раҳбарининг ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорлари ва бу борада белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят раҳбари Шўрчи туманидаги вилоят кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолияти билан танишди. Ушбу ихтисослаштирилган мактаб-интернати биноси 1956 йилда қурилган бўлиб, 220 ўринга мўлжалланган. Бугунги кунда мактаб-интернатида 426 нафар ўқувчи тахсил олмоқда.

Бу ерда ўқувчилар учун яратилган шароитлар, синф хоналари ва ётоқ жойларининг ҳолати кўздан кечирилди. Масъулларга мактаб-интернатини қайта реконструкция қилиш, ўқув хоналари ва ётоқхонани замонавий жиҳозлаш ҳамда бу ерда таҳсил олаётган ўқувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, масъулларга бу ерда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг катта ҳаётда ўз йўлларини топишларида кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунар ўргатиш бўйича янгича тизим яратиш вазифалари юкланди.

Text to speech