27 Август 2022 йил 419

“Ватанпарварлик” ойлиги доирасида 9-сон тергов ҳибсхонаси ходимлари учун турли маданий- маърифий, спорт ва бошқа тадбирлар ташкил этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги ПҚ–5050-сон қарори билан тасдиқланган “Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси” ижросини таъминлаш ҳамда ички ишлар органлари ходимларини миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканлигини чуқур сингдириш, қадимий тарихимиз ва маданиятимиз, жонажон Ватанимизнинг мустақиллиги ва равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз билан фахрланиш, уларга муносиб бўлиш туйғусини шакллантириш, ҳар қандай шароитда давлат ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган, ватанпарвар, миллий қадриятларга содиқ баркамол шахс сифатида тарбиялаш ишларини янада кучайтириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги байрамини муносиб кутиб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари тизимида жорий йилнинг 1 августидан 1 сентябрига қадар “Ватанпарварлик ойлиги” деб эълон қилинди.

Мазкур ойлик 9-сон тергов ҳибсхонасида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!” шиори остида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, “Ватанпарварлик ойлиги”нинг дастури ҳамда ташкилий қўмита таркиби тасдиқланган.

9-сон тергов ҳибсхонаси ходимларининг маънавий-маърифий салоҳияти, умумий дунёқараши, сиёсий онги, маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик, ғурур, ифтихор, касбига нисбатан садоқат ва масъулият ҳисларини мустаҳкамлаш мақсадида Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашган тарихий қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжид ва мадрасалар, шунингдек, музей ва театрларга саёҳатлар уюштирилиб, ички ишлар органлари ходимларини Ватан ва унинг ҳимояси учун муносиб хизмат қилишга руҳан ва жисмонан тайёргарликни таъминлаш, жисмоний ва маънавий қобилияти, етакчилик кўникмалари ва интеллектуал салоҳияти, умумий ва профессионал малакасини ошириш, ўз устида мунтазам ишлаш, соғлом ҳаёт кечириш тарзига риоя қилиш борасидаги ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек ҳибсхона ходимлари ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш мақсадида, кутубхона ташкил этилган бўлиб, мазкур кутубхонада Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан ходимлар ўқишлари учун тасдиқланган 39 турдаги китоблар жамланган, шунингдек, “Ватанпарварлик” ойлиги доирасида ҳибсхонада “Китоблар ярмаркаси” ташкил этилиб, ходимлар томонидан маҳаллий ва жаҳон адабиёти дурдона асарлари харид қилишларига шароитлар яратилди.

  Шунингдек, ҳибсхона ходимларининг жанговар ва жисмоний шайлигини ошириш, ички ишлар органлари ходимларини ҳар қандай шароитда давлат ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқ, маънавиятли, фидойи, аждодларимиз ва мардлик кўрсатиб ҳалок бўлган ходимларнинг бебаҳо меросига таяниб яшайдиган қилиб, тарбиялаш мақсадида “Ватанпарварлик бурчаги” ташкил этилди, шунингдек, ходимларни баркамол шахс сифатида тарбиялаш, улар қалбида давлат ва халқимизнинг хавфсизлигини таъминлашда шахсий дахлдорлик ҳамда масъулиятини ошириш мақсадида саф кўриги, саф тайёргарлиги ва ўқ отиш машғулотлари ўтказилди.

Text to speech