6 Август 2021 йил 807

Узун туманида пневматик тўппонча билан таҳдид қилиб, безорилик қилган муштимзўрлар қўлга олинди

Сариосиё тумани “С.Шерозий” маҳалласида яшовчи фуқаролар К. Шавкатжон ўзининг жиноий шериклари Б.Фаррух, М.Муҳаммад ва У.Маъруфжонлар олдиндан жиноий тил бириктириб бир гуруҳга бирлашиб, безорилик қилиш мақсадида, 2021 йил 5 август куни соат 23:30 ларда жамоат жойи ҳисобланган Узун тумани “Ўзбекистон” маҳалласида жойлашган фуқаро А.Алига тегишли бўлган “Минг бир кеча” ресторанига бориб, ўз хатти-ҳаракатлари билан айни вақтда жамоат тартибини бузаётганлигини ва жамиятга нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик қилаётганлигини яққол англагани ҳолда, К.Шавкатжон ресторан эгаси А.Қаҳрамон билан ўзаро тортишиб, ўзи билан олиб юрган ўқотар қуролига, яъни “Макаров” тўппончасига ўхшаш пневматик қуролини намойиш қилган ҳолда қўллаш билан таҳдид қилиб, ушбу қуролдан бир неча маротаба осмонга қаратиб ўқ отиб безорилик жиноятини қасддан содир этганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан, тезкор-тергов ҳаракатлари давомида, 1 дона пневматик қурол аниқланиб, келгусида текшириб кўришлик ва жиноят ишига далил сифатида қўшишлик учун холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олиниб, Узун туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан 2021 йил 6 август кунида фуқаро К.Шавкатжон ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, шу куннинг ўзида гумон қилинувчи К.Шавкатжон Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланиб, унга нисбатан “Қамоққа олиш тарзида”ги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирги кунда, Узун туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech