Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан ички ишлар фахрийлари эъзозланди
Мамлакатимизда жамоат хавфсизлиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга изчиллик билан тадбиқ этишдаги катта хизматлари, шунингдек жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган фахрийларимиз бугун эъзозланиб, уларнинг хизматлари эътироф этилмоқда.
Бунинг ёрқин мисоли сифатида 1 октябрь-“Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан ички ишлар органлари фахрийлари, устоз ва мураббийлари учун Сурхондарё вилоятида байрам тадбири ташкил этилди.
Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдувоҳид Исмоилов ташаббуси билан ички ишлар фахрийлари Термиз туманидаги Ал Ҳаким Ат-Термизий ҳамда Шеробод туманидаги Исо Ат-Термизий зиёратгоҳларига боришиб, авлиёлар ҳамда ўтганлар ҳаққига тиловатлар қилишди.
Куннинг иккинчи ярмида, Жарқўрғон туманидаги “Истиқлол” тўйхонаси шунингдек, Шеробод туманидаги “Азизбек” ресторанларида бир пиёла чой бахонасида, устоз ва мураббийлар, фахрийлар дийдорлашуви ташкил этилди.
Ташкил қилинган учрашувда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2021 йил 29 сентябрдаги буйруғи билан эълон қилинган ички ишлар тизимларида узоқ йиллар бенуқсон ва самарали меҳнат қилган бир гуруҳ фахрийларига, бошқарма бошлиғи томонидан Ички ишлар вазирининг “Ички ишлар органларининг фахрий ходими” кўкрак нишони ҳамда “Ички ишлар вазирлигининг эсдалик қўл соати” тантанали равишда топширилди.
Фахрийлар, устоз ва мураббийлар учун ташкил қилинган учрашув тадбиридан бугуннинг қаҳрамонлари мамнун эканликларини изҳор этишиб, замонамиз тинчлиги ва осойишталиги учун ўз жонидан кечган сафдош ва ўғлонларини ёдга олишди, қадрдонлар бир-бирлари билан самимий суҳбат қуришди.
Бошқа соҳалар қатори Сурхондарё вилояти Ички ишлар органлари тизимларида ҳам 1 октябрь-“Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан ташкил қилинаётган тадбирлар ўтказилиши давом этмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати