21 Апрел 2022 йил 504

Университетда талаба ёшлар билан “Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги қоидалари” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди

Жорий йилнинг 21 апрель куни Термиз давлат университети Юридик факультети талабалари билан Сурхондарё вилояти Ички Ишлар Бошқармаси ва вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл Ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари иштирокида “Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги қоидалари” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.
Факультет талабалари иштирокида ташкил этилган тадбирда, Термиз давлат университети Юридик факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Б.Н.Шоймардонов, Сурхондарё вилояти ИИБ Юридик таъминлаш бўлими етакчи юрисконсульти М.Шоймардонов, вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи Э.Абраевлар қатнашишди.
Тадбирни очиб бериш учун сўзни Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Б.Н.Шоймардонов олиб, Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни яхшилаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қилинган маърузаларида Республикамизда йўл транспорт ҳодисаларининг кўпайиб кетиши фуқароларнинг ўлимига, ногирон бўлиб қолишига сабаб бўлаётганлигини, буни олдини олиш учун қатор қарорлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинаётганлиги ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдириб, ушбу мавзуда батафсил маълумот бериш учун сўзни Сурхондарё вилояти ИИБ Юридик таъминлаш бўлими етакчи юрисконсульти М.Шоймардоновга берди.
Сўзга чиққан маърузачи бугунги кунда Вилоят ИИБ ходимлари томонидан Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун олиб борилаётган ишлар, мазкур йўналишда қабул қилинаётган қарорларнинг мазмун моҳияти ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтди.
Шундан сўнг, Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизмати бошлиғи лейтенант Э.Абраев сўзга чиқиб, Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБда амалга оширилаётган ишлар ҳусусида, бунга асос бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрель кунидаги ПҚ-190-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрел кунидаги 172-сонли қарорлари мазмун моҳияти билан таништириб, йўлларда ҳаракатланиш ҳавфсизлиги қоидаларига киритилган ўзгартиришлар, Ўзбекистон Республикаси МЖтКга киритилган ўзгартиришлар ва бунда йўл ҳаракати иштирокчиларининг мажбуриятлари, хусусан пиёдаларнинг ҳаракати, тунги вақтларда ёруғликни қайтарадиган “нимчалар” кийиб юриш амалиёти жорий қилинаётганлигини, ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун ўқиш ва имтиҳон топшириш талаблари кучайтирилганлиги, буларнинг барчаси фуқароларимизнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, хавфсизлигини таъминлаш учун қилинаётган саъй ҳаракатлари эканлиги ҳақида кенг тушунчалар бериш баробарида, Юридик факультет талабалари ҳам ушбу амалий ишга ўз ҳиссаларини қўшишлари, аҳолига ушбу қонун, қарор ва талабларни етказиш, ҳар биримиз ушбу талабларга тўлиқ риоя қилган ҳолдагина ижобий натижаларга эришиш мумкинлигини таъкидлади.
Мазкур ўтказилган тарғибот тадбири орқали талаба ёшлар бу соҳада амалиётда бажариши лозим бўлган жараёнлар ва кўникмаларни ўзлаштирган ҳолда ҳозирги кунда қабул қилинаётган қонунларни амалиётда қўллашда соҳа ходимлари дуч келаётган муаммоларни қай даражада ҳал этишаётганлигига қизиқишиб, ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди ва соҳа ходимлари томонидан мисоллар орқали жавоблар қайтарилди.
Бундан кейин ҳам Юридик факультет талабалари ҳамда вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳодимлари иштирокида шу каби кўплаб мавзуларда давра суҳбатларини ўтказиб бориш юзасидан режалар белгилаб олинди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech