30 Январ 2023 йил 399

Қумқўрғонда йўл-патруль хизмати ходимига олти миллион сўм пора таклиф этган ҳайдовчи тезкор тадбирда қўлга олинди

Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХБ йўл-патруль хизмати катта инспектори, сафдор Ш.Шарипов ва йўл-патруль хизмати инспектори, сафдор А.Юлдашевлар тунда Қумқўрғон тумани Боғаро маҳалласи ҳудудида хизмат олиб бораётганида “Нексия-1” русумли автомашинани тўхтатиб, назорат тартибида ҳужжатларини текшириб кўрмоқчи бўлади. Шу пайт енгил автомашина ҳайдовчиси Тожибой Ҳамроев (исм-шариф ўзгартирилди)дан спиртли ичимлик ҳиди келиб турганини сезгач, уни хизмат юзасидан бириктирилган алкотестер мосламаси орқали текширувдан ўтказади. Мослама ҳайдовчининг алкоголь мастлик ҳолатида (0.598mg/L) эканини аниқлайди.

Мазкур ҳолат бўйича сафдор А.Юлдашев амалдаги йўл ҳаракати қоидаларининг 12-бандига асосан ҳайдовчи Тожибой Ҳамроевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддаси 1-қисмига мувофиқ электрон тарзда (планшетда) маъмурий баённома расмийлаштириб, транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштиради. Шундан сўнг Тожибой Ҳамроев сафдор Ш.Шариповдан ўзига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомадаги ҳуқуқбузарликни бекор қилиб, автомашинани жарима майдончасидан чиқариб берса эвазига олти миллион сўм пул яъни, пора беришини таклиф қилган. Сафдор Ш.Шарипов ҳуқуқбузар ҳайдовчига унинг бу ҳаракати жиноят экани ва жиноий жавобгарлик мавжудлигини тушунтиришига қарамасдан Тожибой Ҳамроев пора таклиф қилишда давом этган.

Ушбу ҳолат бўйича сафдор Ш.Шариповнинг тегишли билдиргиси асосида ИИВ ШХББ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва Қумқўрғон туман иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Т.Ҳамроев Қумқўрғон тумани Сурхон соҳили маҳалласи ҳудудида сафдор Ш.Шарипов бошқарувидаги “Нексия-3” русумли хизмат автомашинасининг олд йўловчи ўриндиғига ўтириб, олти миллион сўм пулни пора тариқасида берган вақтда тадбир иштирокчилари қўлига тушган.

Мазкур ҳолат бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаментининг Қумқўрғон тумани бўлими Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатиб, тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.

Text to speech