Қумқўрғон туманида хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар органи ходимига пора таклиф қилган яна бир шахс жиноят устида қўлга олинди.
2025 йил 15 май куни Қумқўрғон тумани ИИБ тезкор қидирув хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ангор туманида яшовчи И.Х.нинг ёнидан 3 дона салафан бўлакларига қадоқланган соф вазни 11.35 гр гиёҳвандлик моддасини борлиги аниқланиб, тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, ашёвий далиллар ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан, 2025 йил 16 май куни фуқаро И.Х. тезкор хизмат ходимининг
хизмат хонасига келиб, ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатларни
расмийлаштирмаслик ва чора кўрмаслик эвазига ўн минг АҚШ доллари миқдоридаги
пулларни пора тариқасида таклиф қилади.
Тезкор хизмат ходими томонидан И.Х.га бир неча марта пора олиш ва пора
бериш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида тушунтирган бўлишига қарамасдан,
И.Х пора таклиф қилишда давом этади.
Шундан сўнг, тезкор ходим ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Сурхондарё
вилояти бўйича бошқармаси бошлиғига маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора
кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2025 йил 16 май куни соат 18-30ларда ИИВ Шахсий
хавфсизлик бош бошқармаси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва
Департаментнинг Қумқўрғон тумани бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган
тезкор тадбирда фуқаро И.Х ўзига нисбатан гиёҳвандлик ҳолати бўйича
расмийлаштирилган ҳужжатлар юзасидан чора кўрмаслик эвазига тезкор хизмат
ходимига беш минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни берган вақтида ашёвий
далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Қумқўрғон тумани бўлими томонидан
фуқаро И.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси
2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан Коррупцион жиноятларга қарши курашиш борасидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.