Улуғбек Қосимов вилоят Штабининг бир куник фаолиятини таҳлил қилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бугунги иш кунини Ички ишлар бошқармасида ташкил этилган вилоят навбатчилик штаби фаолияти билан танишишдан бошлади. Бу ерда аҳоли томонидан электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, кўмир ёқилғиси ва бошқа масалалар юзасидан аҳолининг мурожаатларини қабул қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича 24 соат давомида кўрилган чоралар таҳлил қилинди.
Шунингдек, вилоят раҳбари Термиз шаҳри ва туманлар штабига бириктирилган вилоят ҳокимлиги, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарларининг бириктирилган ҳудуд бўйича ҳисоботларини қабул қилди.
Вилоят, шаҳар ва туманлар штабида доимий, 24 соат давомида мурожаатларни қабул қилувчи навбатчилик штаблари тўлиқ иш фаолиятида бўлиши, келиб тушган мурожаатларни тезкорлик билан ўрганиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилиши лозимлиги ва бу борадаги ишлар ҳар куни, ҳар соатда вилоят раҳбарининг назоратида бўлиши таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, об-ҳавонинг кескин ўзгариши туфайли коммунал соҳаларда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида Сурхондарё вилояти ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликларида узлуксиз навбатчилик штаблари ташкил этилган бўлиб, ушбу штабларда мурожаатларни 24 соат қабул қилувчи телефон рақамлари фаолияти йўлга қўйилган.