Улуғбек Қосимов: “ОАВ – олиб бораётган ишларимиз ижросини назорат қилишда энг яқин кўмакчимиздир!”
Мамлакатимиз бугун янги тараққиёт босқичига кўтарилмоқда. Очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бормоқда. Барча соҳаларда таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш заруратга айланган. Бу эса ўз навбатида оммавий ахборот воситалари ва нашриёт-матбаа соҳасини қўллаб-қувватлаш, ахборот хизматларини ривожлантириш, ахборот-кутубхона марказлари фаолиятини яхшилаш билан боғлиқ янгидан-янги талаб ва вазифаларни олдимизга қўймоқда.
Ҳозирда вилоятимизда 37 та газета ва журнал, 2 та телеканал, 1 та радиоканал, 4 та веб-сайт, 13 та республика ОАВнинг вилоят мухбирлари, 4 та хусусий нашриёт, 2 та босмахона, 58 та матбаа корхонаси ҳамда 54 та ахборот хизмати фаолият кўрсатмоқда. Соҳада фаолият олиб бораётган ходимлар сони 350 нафардан зиёдни ташкил этади.
Бугун Сурхондарё вилояти хокими Улуғбек Қосимов вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, блогерлар, матбуот котиблари ва Ахборот-кутубхона марказлари раҳбарлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Мулоқот аввалида вилоят раҳбари ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасида мавжуд муаммолар, вилоятда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, белгиланган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини назорат қилишда энг яқин кўмакчи бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, ОАВ вакиллари ҳар бир соҳада жамоатчилик назоратини ўрнатиши, жойлардаги муаммоларни олиб чиқиши, фуқаролар ва давлат органлари ўртасида кўприк вазифасини бажариши лозимлигини таъкидлади.
Шундан сўнг, соҳа вакиллари билан очиқ мулоқот қилиниб, уларни қийнаб келаётган муаммолар, соҳани ривожлантириш борасидаги таклифлар тингланди. Журналистларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ахборот хизматлари фаолиятини такомиллаштириш, Ахборот-кутубхона марказларини замонавий, талаб юқори бўлган адабиётлар билан таъминлаш борасида чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Масъулларга очиқ мулоқот иштирокчилари томонидан кўтарилган масалаларни батафсил ўрганиб чиқиш ва ҳал этиш бўйича вазифалар юкланиб, бундай очиқ мулоқотларни тез-тез ташкил этиш тўғрисида топшириқлар берди.
Тадбир сўнгида вилоятда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказишда фаоллик кўрсатаётган журналистлар вилоят ҳокимлиги ташаккурномаси ва пул мукофотлари билан тақдирланди.