Тизимда хизмат қилиб келаётган ёш ходимлар ва уларга бириктирилган устоз мураббийлари иштирокида хизмат интизоми ва қонунчилик бузулишини олдини олиш мақсадида учрашувлар ўтказилмоқда
Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар, дейди доно халқимиз. Чиндан ҳам, ҳаётда қайси соҳада ишламайлик, устозларнинг кўмагисиз ютуқларга эриша олмаймиз. Ички ишлар тизимида ҳам ушбу ақидага амал қилинади. Яъни тизимда фаолият юритаётган ёш ходимларга туман ИИБларида мураббийлар бириктирилган бўлиб, уларга йўл-йўриқ кўрсатиб, соҳанинг нозик сирларини ўргатиб келишмоқда.Албатта, бу яхши амалиёт. Аммо, бугунги кунда мазкур жараён ҳудудларда қандай йўлга қўйилган? Устоз-шогирд анъанаси самара бераяптими?— Ушбу саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Узун, Сариосиё,Денов ва Олтинсой туманларида хизмат олиб бораётган ёш ходимлар ва уларга бириктирилган мураббийлар билан учрашув ташкил этдик, — дейди вилоят ИИБ Кадлар бошқармаси маънавий-тарбиявий ишлар ва ижтимоий ҳимоя бўлими ёшлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Бекзод Қурбоналиев. — Учрашувларда ходимлар томонидан хизмат интизоми ва қонунчилик бузилиш ҳолатларини олдини олиш, улар орасида салбий иллатларга чек қўйиш каби масалалар хусусида сўз борди. Мисол тариқасида эса жорий йилда бошқарма ходимлари томонидан содир этилган айрим қонун бузилиши ҳолатлари айтилиб, бошқалар бундай хатога йўл қўймасликлари зарурлиги таъкидланди. Тадбирлар давомида ёш кадрларга бириктирилган мураббийлар фаолияти ҳам танқид остига олиниб, иш тизимини тўғри ва тизимли ташкил этиш юзасидан тавсиялар берилди. Маълумки, ички ишлар тизимида ҳам китобхонликни тарғиб этиш яхши йўлга қўйилган. Ҳатто, туман ИИБларида кутубхоналар ҳам ташкил этилган. Шу боис, ҳудудлардаги кутубхоналар фаолияти ҳам ўрганилди. Бира тўла ёш кадрлар зиммасига эса ҳар ой биттадан бадиий адабиёт мутолаа қилиб бориш вазифаси юклатилди. Айниқса, Сариосиё туман ИИБ ЖКБ тезкор вакили, лейтенант Асомиддин Шафоатов томонидан билдирилган ёш ходимлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинларини ташкил этиш ҳақидаги таклиф кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди. Бу ходимларнинг ўз устида ишлаши, китобга алоҳида меҳр уйғонишига ҳам яхшигина туртки бўлади.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати