Тилла тақинчоққа ошиқ ўғри қўлга олинди
Жарқўрғон туманида 2021 йилнинг 29 март куни туманнинг “Дўстлик” маҳалласида яшовчи, Х.Бунёд туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда 29 март куни тахминан соат 12.30 лар чамасида, туманнинг “Сурхон соҳили” маҳалласи ҳудудидаги заргарлик дўконидан жами 1.800.000 (бир миллион саккиз юз минг) сўмлик бир жуфт сирға ва бир дона тилла узукларни номаълум шахс ўғирлаб кетганлигини маълум қилган. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан кўрилган чоралар натижасида, ушбу ўғирлик жиноятини туманнинг “Хўжақишлоқ” маҳалласида яшовчи, Г.Бекжон содир этганлиги аниқланиб ушланган ва ашёвий далил олинган. Ўғрилик жиноятини ўзига касб қилиб осон йўл билан бойлик орттиришни мақсад қилган Г.Бекжонга нисбатан 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати