Термизда кўчма ҳуқуқ-тартибот маскани ишга тушди
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2021 йил 12 февраль куни ўтказилган Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида жиноят салмоғи ошган маҳаллаларда "маҳаллабай" ишлаш бўйича алоҳида топшириқ берилганди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида, Термиз шаҳрининг "Алпомиш" маҳалласида кўчма "Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” ташкил этилди. Бу ерда яшовчи аҳоли зич жойлашгани учун ҳам ушбу ҳудуд танлаб олинди. Айни пайтда унда маҳалла профилактика инспекторига қўшимча сифатида яна 5 нафар ходим бириктирилиб, профилактик ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса ҳуқуқ-тартибот масканида куну тун навбатчилик олиб борилишига имкон яратади.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор А.Икрамов янги ташкил этилган кўчма “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани”га ташриф буюрди ва масканда фаолият олиб бораётган ходимларнинг иш фаолияти билан яқиндан танишди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати