Термизда, Ички ишлар органлари ходимлари Ватанга қасамёд қабул қилишди
Куни кеча, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида жойлашган Ҳарбий қисм саф майдонида, Ички ишлар органлари тизимларига қабул қилинган бир қатор ички ишлар органлари ходимларининг тантанали “Ички ишлар органлари қасамёди” бўлиб ўтди.
Тантанали “Ички ишлар органлари қасамёди” тадбирида Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосарлари полковник К.Гаффаров, подполковник У.Ўтаев, Термиз гарнизони Ҳарбий коменданти майор Х.Очилдиев ҳамда Термиз гарнизони Ҳарбий коменданти ўринбосари майор О.Тилововлар иштирок этишди.
Бугунги кунда ички ишлар органлари ходимлари Ватанимиз келажаги ва истиқболи учун дахлдорлик ҳисси билан яшаши, юртига фидокорона хизмат қилиши, ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши лозим бўлади.
Халқнинг дардини, ҳар бир инсонни қийнётган ва ташвишга солаётган муаммоларни биринчи навбатда ким тинглайди? Албатта, ички ишлар органи ходими. Чунки нажот истаб, тинчлик истаб, инсон аввало унинг олдига шошади. Ана шундай дамларда ички ишлар органи ходимидан кучли сабар-тоқат, меҳр-оқибат, матонат, юксак маънавият талаб этади.
“Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунига асосан, мана шундай қувончли ва ҳаяжонли дамларда, ички ишлар органлари ходимлари халқимиз ва Президентимизга содиқ бўлишга мардонавор равишда қасамёд қилишди. Аминмизки, улар зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб, эл юрт тинчлиги, осойишталигини ҳимоя қилишдек, муқаддас бурчни шараф билан адо этадилар.
Қасамёд қилган ҳар бир ички ишлар органлари ходимлари, келгусида қасамёднинг муқаддас эканлигини англаган ҳолда, матонат, сабр-бардош, ҳушёрлик билан хизмат олиб боришлари зарур бўлади.
Тадбирда иштирок этган масъул раҳбарлар томонидан, “Ички ишлар органлари қасамёди”ни қабул қилар экансиз, халқимизга, Ватанимизга, Президентимизга, бурчингизга содиқ қолган ҳолда ички ишлар органлари ходимларининг халқ орасидаги обрўсини ошириш, қадр қимматини кўтариш, қонун устуворлигини таъминлаш, одамлар ишончини қозониш йўлида сидқидилдан хизмат қилишлари”га ишонч билдирилди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати