25 Май 2023 йил 289

Термиз туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактабида "Сўнгги қўнғироқ" тадбири бўлиб ўтди

Бугун, 25-май куни юртимиздаги барча умумтаълим мактабларида 2022-2023 ўқув йили якунланиб, “Сўнгги қўнғироқ” садолари жаранг сочди. Ушбу сана мактабни тамомлаётган ҳар бир ўқувчи ёш учун унутилмас ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлади. Сабаби йиллар давомида таълим-тарбия олган жонажон мактаблари, меҳрибон устоз-мураббийлари, қадрдон синфдошлари билан хайрлашиб, катта ҳаёт сари қадам қўяди.

Бу йилги “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари Сурхондарёда ҳам ўзига хос тарзда, кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Хусусан, Термиз туманидаги 5-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов, туман ҳокими Шухрат Назаров ҳамда мутасадди ташкилот вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган туман ҳокими Шухрат Назаров йиғилганларга Президентимизнинг мактаб битирувчиларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттириб, битирувчиларга ўзининг эзгу тилакларини билдирди. Шундан сўнг, Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Исмоилов сўзга чиқиб, мактаб таълимини муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ўғил-қизларни табриклади. Уларга олий ўқув юртига ўқишга кириб, талаба бўлиш, шу юртнинг ривожи учун хизмат қиладиган касбу корнинг эгаси бўлиб, жамиятда ўз ўринларини топишида муваффақиятлар тилади.

Айтиш керакки, бугунги кунда вилоятда 965 та таълим муассасаларида 11-синфни 32 минг 886 нафар ўқувчи тамомлади. Уларнинг 752 нафари олтин ва 161 нафари кумуш медал соҳибига айланди. Ушбу ёшлар янги Ўзбекистон шароитида замонавий тараққиёт талаблари асосида таълим-тарбия олган ёш авлод вакили сифатида давлатимиз, халқимиз томонидан яратилаётган имкониятларни қадрлаб, улардан янада самарали фойдаланади.

Ўтган 6 йил мобайнида таълим соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилиб, туб бурилиш ясалди. Жумладан, вилоятимизда ҳам таълим тизимида бир қатор ишлар амалга оширилди. Биргина Давлат умуммиллий Дастурининг қабул қилиниши мактабларда таълим сифати ва шароитларни тубдан яхшиланишига омил бўлди.

Мисол учун, Инвестиция, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Президент ташрифи”га асосан вилоятда 17 та янги мактаб ва 274 та қўшимча ўқув-бинолари қурилди. Натижада 91 минг 593 нафар ўқувчи ўрни ташкил этилди. Шунингдек, 741 та мактаблар 11,2 минг дона компьютер жамланмаси, 327 та мактаблар 31,6 минг дона парта-стул ва 3,2 минг дона доскалар етказиб берилди. Ушбу мақсадлар учун бюджет маблағлари ҳисобидан жами 122 млрд сўм маблағлар йўналтирилди.

Ҳозирги кунда, вилоятдаги 124 та мактабларнинг атрофини тўлиқ ўраш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жами 4,3 млрд ажратилди.

Бундан ташқари спорт соҳасида вилоятдаги умумтаълим мактабларида таҳсил олувчи ўқувчи-ёшлар томонидан кўплаб ютуқларга эришилди. Жорий йилда Жаҳон, Осиё, Халқаро, Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида 59 та олтин, 57 та кумуш, 122 та бронза медаллари қўлга киритилди.

Бир йўла 5-умумтаълим мактабида шу кунга қадар эришилган ютуқлар ҳамда ижобий натижалар ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтилди.

Ушбу таълим муассасасида, 2021-2022 ўқув йилида 98 нафар ўқувчилар мактабнинг 11-синфини тамомлаб, олий таълим муассасаларига 28 нафари ўқишга қабул қилинди. Қолган ўқувчилар касб-ҳунар мактабларига ўқишини давом эттиряптилар ва турли ишлаб-чиқариш корхоналарида ўз фаолиятларини давом эттирмоқдалар. 2022-2023 ўқув йилида эса, 82 нафар ўқувчилар мактабнинг 11-синфини тамомлаб олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, мустақил ҳаётга қадам қўядилар.

Жорий йил битирувчиларидан 4 нафари Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий билим юртларига ҳужжат топширишди. Қолаверса, бу йил фан олимпиадаларида ўқувчилар фаол қатнашиб, 7 нафари туман босқичида фахрли 1-ўринни қўлга киритиб, вилоят босқичида фаол иштирок этдилар.

Энг қувонарлиси, мактаб ўқувчиларининг спорт йўналишида ҳам вилоят ва Республика турнирларида фаол қатнашиб, Ўзбекистон чемпионлари бўлиб келишмоқда.

Ушбу натижалар ҳақида сўз юритар экан, А.Исмоилов ўқувчи-ёшларга мактаб даргоҳида олган билим ва кўникмаларини янада шакллантириб, бор куч-ғайратини жонажон ватанимиз равнақи йўлида сафарбар этишлари лозимлигини айтиб ўтди.

Тадбир давомида вилоят ИИБ бошлиғи томонидан мактабни аъло баҳоларга тамомлаган 10 нафар ўқувчининг ота-оналарига ташаккурнома ва эсдалик совғалари, 4 нафар ўқувчига эса эришган ютуқлари учун фахрий ёрлиқ ҳамда китоблар жамланмаси билан тақдирланди.

Text to speech