18 Ноябр 2021 йил 478

Термиз туманида “Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг мевали дарахтлар боғи” яратилди

Бугунги кунда дунё аҳлини ташвишга солаётган глобаль муаммолардан бири экологиянинг бузилишидир.
Шу боисдан Ўзбекистон Республикасида ҳам экологик вазиятни яхшилаш, бу орқали ифлос газ ва ҳаволарни тозалаш, аҳолининг саломатлигини яхшилаш мақсадида, Президентимиз ташаббуси билан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимиз бўйлаб қатор, чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳалар доирасида, Сурхондарё вилоятида ҳам манзарали, мевали дарахт ва бута ниҳолларини экиш орқали иқлим шароитларини яхшилаш борасида самарали ишлар йўлга қўйилди.
Бунинг биргина мисоли сифатида, Сурхондарё вилоятининг 3-сектор ҳудудлари ҳамда ички ишлар органлари ходимлари томонидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларни келтиришимиз мумкин.
Айниқса, ёввойи ўт-ўлан босиб, ташландиқ ҳолга келиб қолган, қаровсиз ётган ерларни ўзлаштириш орқали ушбу масканларда манзарали ва мевали боғ яратиш мақсад қилиб олинди.
Бунда эса, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари полковник Абдувоҳид Исмоиловнинг ташаббускорлиги ва пухта ўйланган режаси ҳамда ғояси асосида ишлар ташкил қилинди.
3-сектор ҳудудларида аҳоли томонидан мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш ишлари қизғин тус олди. Бир кунда бир ярим мингдан зиёд кўчатлар экилиши ташкил этилиб, шу кунга қадар қарийб 9000 туп кўчатлар экилди. Бунда мевали 2864 та, манзарали 4000 дан зиёд, буталар оиласига мансуб бир ярим мингдан зиёд кўчатлар ерга қадалди.
Ҳудудда истиқомат қилиб келаётган аҳоли хонадонларига 1500 дан зиёд, хизмат бинолари ва уларнинг атроф ҳудудларига 1400 дан зиёд, ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилган яшил массивларда 2000 га яқин, ички ишлар биноларида 500 га яқин, профилактика инспекторлари хизмат уйлари ва уларга бириктирилган хизмат ҳудудларида 1000 дан зиёд, ички ишлар органлари ходимларига бириктирилган маҳалла ва бошқа жойларга 2000 дан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилишига эришилди. Бу борадаги ишлар эса, вилоят 3-секторининг барча ҳудудларида қизғин давом эттирилмоқда.
Бундан ташқари, воҳада хизмат қилиб келаётган ҳар бир ички ишлар органлари ходимлари, фахрийлари томонидан ҳам мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ерга қадаш орқали табиатимизнинг чиройига-чирой қўшиш, иқлим об-ҳавосининг тозалигини асраш ва янада яхшилаш ташаббуси йўлида ҳам мақтанишга арзигулик ишлар қилинди-десак, муболаға бўлмас.
Бунинг ёрқин мисоли сифатида, рақамларга таянадиган бўлсак тадбир бошидан шу кунга қадар жами 8000 га яқин кўчатлар яъни; мевали 3500 га яқин, манзарали 3000 дан зиёд ҳамда 1000 га яқин буталар қадалди ва бу борадаги ишлар ҳам қизғин давом этмоқда.
Сурхондарё вилояти 3-сектор ҳудудига қарашли Термиз туманининг “Айритом” маҳалласи ҳудудида ёввойи ўт-ўланлар босиб чангалзорга айланган қаровсиз бўлган қарийб 6 гектар ер майдони вилоят ички ишлар бошқармасининг соҳавий хизмат ходимларига тақсимланиб берилишиши натижасида, ушбу ташландиқ ер тез фурсатларда ёввойи ўт-ўланлардан тозаланди, қишлоқ хўжалиги ва бошқа техникалар ёрдамида керакли ишловлар берилиб, янги “Ички ишлар боғи” яратилиши учун ер ҳозирланди.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан тайёрланган ерга эса, 5 турдаги мевали дарахт ниҳолларини қадаш учун боғдорчиликка илмий ёндошилган ҳолда олма-1000 та, олхўри-500 та, шафтоли-500 та, маҳаллий ёнғоқ-400 та, 620 туп ўрик ниҳоллари ҳамда 1000 дан ортиқ манзарали арча кўчатлари олиб келинди.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, 1 йилда 1 гектар боғ 6 тонна кислород чиқариб, 8,5 тонна карбонат ангидрид газини ютади. Бу эса экологиянинг тозалиги ва мусаффолигини яхшилашга хизмат қилиши табиий.
Куни кеча ушбу ташкил этилаётган “Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг мевали дарахтлар боғи”га яхши ният ва эзгу тилаклар билан илк ниҳолларни ерга қадаш учун Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, вилоят ИИБ бошлиғи полковник Абдувоҳид Исмоилов ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идора ҳамда ташкилот раҳбарлари иштирок этишди.
Янги боғ барпо этиш учун ташриф буюрган тадбир иштирокчилари эзгу тилаклар билан ниҳолларни бирин кетин экишди. Ниҳолларни экиш жараёнларида кўчат экаётганлар ўзларида келажакка янгича ишонч, янгича куч ва шижоат ҳисси пайдо бўлганлигини таъкидлашди.
Шунингдек, бугун Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғининг маслаҳатчиси генерал-лейтенант Баҳодир Аҳмедович Матльюбов бошчилигида воҳага хизмат сафари билан ташриф буюрган меҳмонлар ҳам ушбу боққа янги ниҳолларни яхши ниятлар билан экишга қўл уришди. Боғнинг жойлашган шароитлари-ю, унуми билан яқиндан танишди.
Ушбу боғни барпо этиш борасидаги ишлар жадаллик билан ички ишлар органлари ходимлари томонидан давом эттирилмоқда, бунда эса мутахассис боғбонлар ёрдамларини улашмоқда.
Юқоридаги амалга оширилаётган эзгу ишлар нафақат табиатимизнинг мусаффолигини асрайди, балки аҳолимизнинг ҳўл меваларга бўлган эҳтиёжини тўлдириб, бозор иқтисодиётига ҳам ўз ҳиссасини қўшишига имкон беради.
Ички ишлар органлари ходимлари «Дарахт экиш бўйича долзарб 40 кунлик» акциясида фаол иштирок этиб, ҳудудларни яшил маконга айлантиришда ташаббус кўрсатиши давом этмоқда.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech