23 Декабр 2021 йил 825

Термиз туманида содир этилган қотиллик жинояти муҳокама қилиинди

Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг берган топшириқларига кўра, ҳар бир содир этилган ҳодиса ва жиноят сектор раҳбарлари, тегишли ташкилот, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда фуқаролар билан биргаликда муҳокама этилмоқда. Албатта, бу каби муҳокамаларда жиноятнинг сабаб ва омиллари, оқибатлари таҳлил қилинар экан, бундан бошқа шундай ҳолат содир этилмаслигининг олдини олиш, умуман жиноятчиликни жиловлаш учун бу борада аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш мақсади кўзланган.
Яқинда, Термиз туманидаги “Солиобод” маҳалласида содир бўлган жиноят бир инсоннинг умрига якун ясади. Бундай нохуш воқеа кўпчиликнинг кўзини очиши, унинг қандай аянчли оқибат билан якунлангани, эътиборсизлигимиз сабоқ бўлмоғи керак. Шунинг учун ушбу жиноят муҳокамаси ҳам кенг жамоатчилик иштирокида қотиллик жиноятини содир этган шахснинг маҳалласи ҳудудида ўтказилди.
Термиз шаҳридаги Рўзи Чориев номидаги Сурхондарё ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ўтказилган муҳокама йиғилишида вилоят ИИБ бошлиғи, полковник А.Исмоилов, Термиз шаҳар хокими И.Худойбердиев, Термиз шаҳар ИИБ бошлиғи подполковник А.Нормаматов, Термиз тумани ИИБ бошлиғи подполковник, М.Амантўраев, туман ДСИ бошлиғи Э.Джўрақулов, жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла раислари ва профилактика инспекторлари иштирок этишди.
Дастлаб, йиғилишда сўз олган полковник А.Исмоилов 2021 йил 17 декабрь куни соат 08:00 ларда, Термиз шаҳар “Боғишамол” маҳалласида яшовчи А.О. ўзига олдиндан таниш бўлган, Термиз туман “Солиобод” маҳалласида яшаган, Термиз шаҳрида жойлашган “Гуанжуа” клиникасида “оператор” бўлиб ишлаган Азиза Б.нинг яшаш маҳалласига келиб, у билан рашк сабаб ўзаро жанжаллашиб, жанжал давомида ўзи билан олиб келган қора дастали ошхона пичоғи билан кўкрак сохасига бир неча маротаба санчиб олганлиги натижасида Азиза.Б шошилинч тез тиббий ёрдам илмий-амалий марказининг Сурхондарё вилоят филиалига олиб борилаётган вақтда вафот этганлигини маълум қилди.
Мазкур жиноятни тергов қилиш жараёнида жиноятни содир бўлишига сабаб бўлган шарт-шароитлар айбланувчининг яшаш манзилидаги маҳалла фуқаролар йиғини томонидан бир қатор чора-тадбирлар ўз вақтида лозим даражада ўгказилмаганлиги, ушбу омиллар жиноят содир этилишига шарт-шароит яратиб берганлигини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг, Термиз шаҳар ИИБ бошлиғи подполковник А.Нормаматов ҳамда Термиз туман ИИБ бошлиғи подполковник М.Амантўраевлар келгусида бундай салбий ҳолатларга йўл қўймаслик учун чора-тадбирлар белгилаб олинганлигини билдириб ўтди.
Шунингдек, сўзга чиққан "Солиобод" МФЙ раиси М.Сайридинов, туман ИИБ бошлиғи биринчи ўринбосари подполковник Б.Эсанов, туман прокурори Б.С.Олтибоев, туман ДСИ бошлиғи Э.Джўрақулов, маҳалла фаоллари ҳамда жиноят содир этган А.О.нинг яқин қариндошлари, қўни-қўшнилари ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Муҳокама сўнгида, содир этилган жиноятга имкон берган шарт-шароитлар бартараф этиш, ҳудуд профилактика инспектори билан ҳамкорликда маҳаллада яшовчи ҳар бир фуқарони нима иш билан шуғулланаётганлигини, турмуш-тарзини ўрганиб борилишини, қайтадан жиноят содир этишга мойил бўлган ҳамда хулқ-атвори салбий томонга ўзгарган шахсларни аниқлаб, уларга нисбатан таъсир чораларини кўриш бўйича йиғилиш қарори қабул қилинди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech