23 Феврал 2024 йил 291

Термиз туманида бошқарма бошлиқлари томонидан аҳолининг мурожаатларини ўрганиш ва ижобий ечим топиш учун Сайёр қабул ташкил этилди.

Президентимиз ташаббуси билан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ижобий ечим топиш, фуқароларни бугунги кунидан рози қилиш мақсадида жойларда сайёр қабуллар ташкил этиб келинмоқда. Ана шундай қабулларнинг навбатдагиси Термиз туманидаги Маданият бўлими биносида тумандаги 3-сектор ҳудудидаги маҳалла фуқаролари иштирокида бўлиб ўтди.

Сурхондарё вилояти Ички Ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Исмаилов Тимур Камалатдинович, вилоят Солиқ бошқармаси бошлиғи Нарманов Эркин Абдуалимович ҳамда туман сектор раҳбарлари, масъул корхона ва ташкилот масъул ходимлари фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, электр энергияси ва газ таъминоти, моддий ёрдам олиш, ишга жойлашиш, пробация назорати ҳисобидан чиқариш, ички йўллар таъмири ва бошқа бир қатор масалалардаги йигирмадан ортиқ мурожаатларини тинглашди.

Мурожаатларнинг асосий қисми шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилган бўлса, баъзи мурожаатлар юзасидан тушунтиришлар берилди. Ижросини ўрганиш учун қўшимча муддат талаб қиладиган мурожаатлар масъулларга йўналтирилиб, бошқарма бошлиқлари томонидан назоратга олинди.

Text to speech