14 Май 2022 йил 389

Термиз шаҳрида, вилоят сектор раҳбарларининг сайёр қабули бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 14 май куни Термиз шаҳридаги Санъат саройида Сурхондарё вилояти ҳокими бошчилигида вилоят сектор раҳбарлари иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтди.
Ўтказилган сайёр қабулда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи А.С.Исмоилов ҳам иштирок этиб, 20 нафарга яқин жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилди. Мазкур мурожаатларнинг аксарияти, суриштирув, терговга қадар текширув, йўл ҳаракати хавфсизлиги, оила-турмуш доирасидаги келишмовчилик, уй қамоғидан озод қилиш, паспорт олиш ва ИИОга ишга тиклаш масалаларини ўз ичига олади.
Келиб тушган мурожаатларнинг барчаси тегишли тартибда рўйхатга олиниб, қабул жараёни давомида вилоят ИИБнинг тегишли соҳавий хизмат ходимлари томонидан текширув ишлари олиб борилди.
Термиз шаҳар “Бўстон” маҳалласида яшовчи асли Туркманистон Республикасида туғилган Бибутова Раима Ўзбекистон Республикаси Фуқаролигига тан олиниши ва Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID картаси олиш масаласида қилган мурожаати бошқарма бошлиғи томонидан қабул қилиниб, ижобий ҳал этилиш масаласи кўриб чиқилди ва унга қисқа муддат ичида идентификация ID картаси топширилиши белгиланди.
Ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар ижроси бошқарма бошлиғи томонидан назоратга олиниб, уларга муддатлар белгиланди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech