2 Август 2023 йил 151

Термиз шаҳар ИИБда муқаддам судланган шахслар иштирокида профилактик учрашув ташкил этилди.

Хабарингиз бор жорий йилнинг 28 июль куни Фарғона шаҳрида Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган Ҳайъат йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, ҳуқуқ тартибот соҳасидаги ишларни таҳлил қилиб, келгусидаги вазифаларни белгилаб бердилар.

Белгилаб берилган вазифалар асосида, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг тегишли фармойиши ишлаб чиқилиб, вилоят ҳудудида криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар режа асосида ташкил этилиб, шаҳар-туман ҳудудлари, маҳаллалар масъулларга бириктирилиб, уларнинг олдига қатор вазифалар юклатилди.

Айтиш керакки, жамиятимизда муқаддам судланганлар томонидан содир этилаётган жиноят сони кескин ошиб бормоқда. Шу боис муҳтарам президентимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига шу тоифадаги фуқаролар билан индивидуаль ишлаш вазифасини қўйдилар.

Айнан шу мақсадда, вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари И.Турсуновга бириктирилган Термиз шаҳар ИИБда ташкил этилган навбатдаги профилактик тадбирда муқаддам судланган шахслар иштироки таъминланди. Мулоқотлар жараёнида жиноятчилик билан боғлиқ маълумотлар очиқланди. Иштирокчиларнинг масала ва муаммолари тингланди, ечими бўйича чоралар белгиланди. Шу аснода, тадбирдан кўзланган мақсад ва муддао етказилди.

Маълумотларга кўра, жорий йил 6 ойи давомида Термиз шаҳар ҳудудида 91 та жиноятлар муқаддам судланган шахслар томонидан содир этилган. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда айни кунларда Давлат раҳбарининг топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида, Термиз шаҳри ҳудудидаги 37 та маҳаллаларда Ички ишлар органлари ходимлари хонадонма хонадон юриб, “хонадонбай” жиноятчилик ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўришмоқда. Мақсад жиноятчиликдан ҳоли ҳудудни ва жамиятни шакллантиришга қаратилган.

Text to speech