11 Феврал 2025 йил 566

Термиз давлат университетида “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш” комплекс профилактик тадбири ойлиги доирасида учрашув ташкил этилди.

Термиз давлат университетида “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш” комплекс профилактик тадбири ойлиги доирасида, “Ёшлар орасида психоактив моддаларга қарамликнинг олдини олиш” мавзусига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази ҳамда вилоят ИИБ Тезкор қидирув хизмати масъул ходимлари, Республика Ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази Наркология хизмати бўйича Сурхондарё вилояти бўйича филиали врач наркологи, Термиз давлат университети масъуллари, профилактика инспекторлари ҳамда талабалар иштирок этишди.

Мавзу юзасидан йиғилганларга “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш” комплекс профилактик тадбири ойлигини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ва вазифалар тушунтирилди.

Шунингдек, келажак авлод вакиллари айниқса ёш йигит-қизлар таркибида гиёҳванд моддалар мавжуд бўлган таблеткаларни, синтетик гиёҳванд воситаларини истеъмол қилишлари оқибатида бу жирканч иллатга қарам бўлиб қолишаётганликлари, оқибатда турли кўнгилсиз ҳолатлар, оғир оқибатли жиноятлар ва давоси топилмас касалликларга мубтало бўлаётганликлари ҳақида далилларга асосланган маълумотлар келтирилди.

Учрашув давомида, талаба ёшларга гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларга қарши курашиш, унга қарамликнинг олдини олишга қаратилган буклетлар тарқатилди. 

Талаба ёшлар масъулларга ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилишиб, уларга атрофлича жавоблар олишди.

Text to speech