20 Июл 2024 йил 499

Термиз шаҳридаги Санъат саройида “Кибер маданиятни юксалтириш ойлиги” доирасида гала концерт дастури ташкил этилди.

Кибер жиноят бугунги куннинг миллат, давлат, жамиятга хавф солаётган долзарб муаммолардан бири экани ҳеч кимга сир эмас. Бу рақамли электрон муҳитнинг ривожланаётгани сайин ортиб бормоқда-десак, асло муболаға бўлмайди. Жорий йилнинг 1-июлидан 31-июлига қадар мамлакатимизда “Кибер маданиятни юксалтириш ойлиги” деб эълон қилинган.

Мазкур ойликни кенг қамровда ўтказилишини таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, вилоятимиз бўйлаб ташкил этилаётган тадбирлар, учрашувлар, тарғибот-ташвиқот ишлари, танловлар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тезкор қидирув департаменти Кибер хавфсизлик маркази, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят ИИБ Тезкор қидирув хизмати Кибер хавфсизлик бўлими, Термиз шаҳар ИИБ томонидан вилоят марказидаги муҳташам Санъат саройида гала концерт дастури намойиш этилди.

Очиқ осмон остида бўлиб ўтган байрам дастурида энг аввало, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор қидирув хизмати томонидан оталиққа олинган ёшлар, ички ишлар органларига бириктирилган ёшлар, воҳа аҳолиси ҳамда концерт дастурига ташриф буюрганларга вилоят ИИБ ходимлари томонидан кибер жиноятлар қурбонига айланиб қолмаслик хусусида муҳим ва керакли маълумотлар берилди. Бир сўз билан айтганда, аҳолининг кибер маданиятини юксалтириш, ҳар қандай чақириқ, алдовларга ишонмасликка чақирилди. Кейинги навбат қизиқарли ўйинлар, савол-жавоб шартларига берилди ва фаол иштирок этганлар ИИБ томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Концерт дастури давомида, вилоятимизда фаолият юритаётган элимиз ардоғидаги санъаткорлар томонидан янграган куй-қўшиқлар йиғилганларга байрамона кайфият уйғотди. Бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши, аҳолига маданий хордиқ бағишлаш билан бир қаторда, уларда кибер маданиятни шакллантиришга ҳам хизмат қилган бўлса, ажаб эмас.

Text to speech