Сурхондарёда, ЙҲХБ Рўйхатдан ўтказиш ва имтихон олиш бўлими барча шароитларга эга бўлган янги бинода иш бошлади
Бундан 30 йил олдин вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими фаолият юритадиган биноси ҳашар йўли билан қурилган эди. Албатта, эски бинода етарлича шароитлар бўмаганлиги сабабли фуқароларни қабул қилиш, кутиб туриши ҳамда тўловларни амалга оширишда бир қатор ноқулайликлар мавжуд эди. Бироқ энди мазкур бино мутлақо замонавий кўриниш касб этди.
Вилоят ИИБ раҳбариятининг ташаббуси билан вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси балансидаги собиқ “Термиз” мунтазам ЙПХ масканини Рўйхатдан ўтказиш ва имтихон олиш (РЎваИО) бўлимига айлантириш ишлари олиб борилди. Таъмирлаш ва қурилиш ишларига ИИВнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан жами 3 млрд. 593 минг сўм маблағ ажратилган бўлиб, фуқароларга қулай шароит ва ходимларнинг хизматни олиб боришлари учун бино 137 млн. 650 минг сўмлик мебель жихозлари, 64 млн. сўмлик маиший техника (телевизор, кондиционер, холодильник ва х.з), 276 млн.750 минг сўмлик компьютер ва оргтехника воситалари билан жиҳозланди.
Бугун ана шу замонавий бинонинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.А.Боболов, ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А.С.Исмоилов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарлари, ички ишлар органлари ходимлари, шаҳар ҳокими, фахрий меҳмонлар ҳамда кенг жамаотчилик вакиллари иштирок эштирок этди.
Тадбирда Ички ишлар тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётгани, соҳанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли экани қайд этилди.
Тадбир давомида, 2021 йилда Япониянинг Токио шаҳрида ўтказилган Паратҳеквондо бўйича ХVI ёзги паралимпия ўйинларида спортнинг таэквондо тури бўйича олтин медални қўлга киритган, паратҳеквондо бўйича икки карра жаҳон чемпиони Гулжаной Наимовага автомашинаси учун илк давлат рақам белгиси вилоят ҳокими Т.А.Боболов ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи полковник А.С.Исмоиловлар томонидан тантанали равишда топширилди.
Тантанали тадбир иштирокчилари янги бинода яратилган қулайлик ва шароитлар билан танишди.
Мажмуада 2 та транспорт воситалари тураргоҳи ва фуқароларга хизмат кўрсатиш учун маъмурий бино ҳам мавжуд бўлиб, янги бинода фуқароларнинг кутиб туришлари учун замонавий технологиялар, мебеллар ва телевизорлар билан жиҳозланган кутиш зали, тўловларни жойида амалга ошириш учун касса, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун бир вақтнинг ўзида 25 нафар номзодлардан тест синовлари олиш учун мўлжалланган зал, ҳайдовчилик гувоҳномаси учун фотосуратга олиш учун мўлжалланган махсус хона, ходимлар учун ошхона ва ювиниш хоналари мавжуд.
Қолаверса, ходимларга ҳам 5 та замонавий компьютер жамланмалари ажратилган.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати