Сурхондарёда ўқув курси тингловчиларига сертификатлар топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 декабрдаги 5408-сон Фармойиши ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий Гвардия ва Сурхондарё вилояти ҳокимининг 2020 йил 30 апрелдаги қўшма Қарорига асосан Сурхондарё вилояти ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш, ходимларнинг касбий кўникмалари ҳамда жанговар шайлигини мустаҳкамлаш мақсадида Жануби-Ғарбий Махсус ҳарбий округи Жанубий оператив қўмондонлиги Термиз шаҳридаги ҳарбий қисм базасида 8-ўқув йиғинида 76 нафар Сурхондарё вилояти Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи ходимлари билан ўқув курслари ташкил этилди.
Ташкил этилган ўқув курси, ўқув дастури асосида ходимларнинг жисмоний, жанговар ва саф тайёргарлиги бўйича кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўқув йиғинига жалб этилган ходимлар билан куннинг биринчи ярмида соат 09:00 дан 16:00 гача назарий ва амалий ўқув машғулотлари ўтказилган бўлса, куннинг иккинчи қисмида соат 16:00 дан 22:00 гача Термиз шаҳри ҳудуди бўйлаб 30 та йўналишда 76 нафар ходимлар жамоат тартибини сақлаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича хизмат ўташга жалб этилди. Ўқув курси ходимлари ҳудудий профилактика инспекторлари билан бирга ҳисобда турган шахслар билан профилактик тадбирларни амалга ошириш учун хизматга жалб этилди.
Ихтисослаштирилган ўқув курси якуни муносабати билан Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник У.Ўтаев ҳамда Жанубий оператив қўмондонлиги тасарруфидаги Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмда Жанговар тайёргарлик бўлим бошлиғи майор Н.Аланговлар иштирок этиб, ўқув курси тингловчиларини табриклаб, уларнинг келгуси ишларига омад тилади. Шундан сўнг, ички ишлар органлари ходимларига махсус сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Ўқув курси ходимлари ҳудудий профилактика инспекторлари билан бирга ҳисобда турган шахслар билан профилактик тадбирларни амалга ошириш учун хизматга жалб этилди. Бу каби ихтисослаштирилган ўқув курсларида ўқув йиғинлари давом эттирилади.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати