Сурхондарёда «маҳаллабай» усули қай даражада йўлга қўйилгани ИИВ ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди
Маълумки, республикамизда “маҳаллабай” усули кенг тадбиқ этилиб, жиноятчиликни ўз вақтида жиловлашнинг янги имкониятлари юзага келди. Бу борадаги ишларни қай даражада бажарилаётганини ўрганиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сурхондарё вилоятида ўрганишлар олиб борди.
Ишчи гуруҳ аъзолари уч кичик гуруҳлар таркибида вилоятнинг туман-шаҳарларида бўлиб, Президентимиз томонидан берилган топшириқларнинг амалдаги ижросини назорат қилиб, унинг натижалари билан яқиндан танишдилар. Мазкур ўрганишлар даврида аҳолини қийнаётган муаммо ва масалаларга алоҳида урғу берилди.
Хусусан, Пўлат Бобожонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2021 йил 12 февралда Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишида берилган топшириқлари жроси бўйича амалга оширилган ишларни кўриш мақсадида, Сариосиё туманини “Намунавий хавфсиз ҳудуд”га айлантириш Дастури асосида ИИБ биносида ташкил қилинган Ситуацион марказ фаолияти билан танишди. Шунингдек, Термиз шаҳридаги “Тупроққўрғон”, “Алпомиш”, Жарқўрғондаги “Марказий Cурхон” маҳаллаларида ташкил этилган “Ҳуқуқ-тартибот маскан”лари ҳамда Сариосиё, Шўрчи, Денов ва Қумқўрғон туманлари ички ишлар органлари фаолияти кўриб чиқилиб, сектор раҳбарларига топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Ишчи гуруҳ ташаббуси билан вилоятдаги криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш мақсадида, махсус тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилди. Тадбирлар давомида 44 та жиноий ва 565 та маъмурий ҳолатлар аниқланди, 25 нафар қидирувдаги шахслар ушланди, 13 та жиноятлар фош этилди, 44 дона ўқ отар қурол ва 231 дона ўқ-дорилар ихтиёрий равишда топширилди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналиши бўйича ўтказилган “махсус авторейд” тадбири давомида 4 650 та қоидабузарликлар аниқланган бўлиб, шундан 3 541 таси қўпол қоидабузарликлар ҳисобланади, 1 349 та автомашина жарима майдонига жойлаштирилди, йўловчиларни ноқонуний ташиган 396 нафар ҳайдовчилар жавобгарликка тортилди.
Албатта, ҳар қандай саъйҳаракат самараси унинг натижаларига бориб тақалади. Ишчи гуруҳ томонидан жойларда аниқланган муаммоли масалалар ҳамда тезкор тадбирларнинг амалий натижалари вилоят ва туман-шаҳар ички ишлар органлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда танқидий муҳокама қилинди. Хусусан, аксарият туман-шаҳарларда профилактика инспекторлари фаолиятини рақамлаштириш ва хизмат олиб бориш ҳамда яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ишлар тўлиқ бажарилмагани аниқланди. Шунингдек, доимий эътибор қаратилиши лозим бўлган шахслар билан манзилли профилактик тадбирлар талаб даражасида олиб борилмаганлиги таъкидлаб ўтилди. Шу билан бирга, уюшган жиноятчилик ва ижтимоий хавфли жиноятларнинг барвақт олдини олишдаги тадбирларга керакли эътибор берилмаётгани ҳамда айрим масъул раҳбарларда бу борада ташаббус етарли эмаслиги таъкидланди. Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳаракатланиш маданиятини шакллантириш ва қўпол қоидабузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган мақсадли огоҳлантирув ва назорат-текширув тадбирлари ўз вақтида олиб борилмаганлиги танқид қилинди.
Йиғилишда, хизмат фаолиятида жиддий камчиликка йўл қўйган 28 нафар раҳбар ва ходимлар интизомий жавобгарликка тортилди. Жумландан; 2 нафар ходим ички ишлар органиларидан бўшатилди, 14 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 1 нафари ловозим маошининг 30% миқдорда жарима, 3 нафари “Қаттиқ ҳайфсан”, 2 нафари “Ҳайфсан” ва яна 6 нафарига бошқа чоралар кўрилди.
Аксинча, ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашган, намунали хизмат қилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган 31 нафар ходимлар рағбатлантирилди.
Яшаш манзилидан олисда хизмат қилаётган ва узоқ масофадан хизматга қатнаб келаётган 5 нафар ходимларнинг оилавий шароитларини инобатга олиниб, яшаш жойларига яқин ҳудудга ротация қилинди. Вилоятдаги бўш бўлган 10 та раҳбарлик ва 1 та хизмат инспектори лавозимларига кўп йиллик тажрибага эга, юқори малакали номзодлар тайинланди.
Йиғилиш якунида, вилоятда аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш ва жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш ишларини янада кучайтириш ҳамда ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилишини назорат қилиш бўйича вазир томонидан топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, шу куни Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва ҳуқуқни-муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ҳамда бошқа давлат ташкилотлари вакиллари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда, вилоятда жиноятчиликни жиловлаш борасида аниқланган муаммоли масалалар секторлар кесимида муҳокама қилинди.
Туман-шаҳар сектор раҳбарлари томонидан вилоятдаги криминоген вазияти оғир 50 та маҳаллаларда низоли оилалар ҳамда аҳолининг “муаммоли тоифалари” билан ишлаш бўйича 3 ва 4-чоракка мўлжалланган “маҳаллабай” дастурларни ишлаб чиқишда йўл қўйилган камчиликлар танқид қилинди.
Кибер маконда содир этилаётган жиноятларни аниқлаш, олдини олиш ва тергов қилиш амалиётидан келиб чиққан ҳолда Сурхондарё вилоятида аниқланган муаммоли масалаларни “маҳаллабай” усулида ҳал этиш бўйича ҳар бир масъул раҳбар учун белгиланган вазифаларнинг ижросини амалда таъминлаш ва бу борада тизимли назорат ўрнатиш ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида амалий ҳамкорликни кучайтириш бўйича вилоят 4 та сектор раҳбарларига керакли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборотхизмати.