Сурхондарёда, Ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига эсдалик нишони ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди
Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи билан ватанимиз тинчлиги, эл-юрт осойишталигини таъминлаш йўлидаги кўп йиллик фидокорона хизматлари, жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олиш борасидаги самарали меҳнатлари, ўз хизмат бурчини бажариш чоғида кўрсатган мардлик ва жасорати, кадрлар тайёрлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун ҳамда 25-октябрь - "Ички ишлар идоралари ходимлари куни" муносабати билан Бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари ва ходимлари, Термиз шаҳар ҳамда Термиз туманларида хизмат олиб бораётган ички ишлар органларининг 102 нафар раҳбар ва ходимлари, шунингдек 12 нафар соҳа фахрийлари "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 30 йиллиги" эсдалик нишони билан тақдирланди.
Бундан ташқари, вилоят ҳудудида содир этилган жиноятларни “иссиқ изи”да фош этишга ҳисса қўшган бир қатор ички ишлар органлари ходимлари ҳам пул ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ушбу эсдалик нишонлари ва мукофотларни Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов ўз эгаларига тантанали равишда топширди.