19 Ноябр 2021 йил 791

Сурхондарё вилояти ИИБда "Уч авлод учрашуви" бўлиб ўтди

Ўтмиш ва тарих-бу икки сўз ўзининг қамровига жуда катта маъноларни мужассам этган. Ўтмиш ва тарихсиз келажакни барпо этиш, келажакка интилиш мушкул эканлигини барча бирдек англайди ва билади. Ўтмиш ва тарихни ёдга олиб, у билан ҳар доим суҳбатлашсак, уларнинг насиҳатига қулоқ тутсак, келажакда мақсад қилган юқори марраларни забт этиш ҳам осон кечади.
Шу мақсадда, ички ишлар органларининг босиб ўтган йўлларига назар ташлаш борасида ҳам мамлакатимизда талайгина амалий ишлар олиб борилмоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида, “Устоз ва шогирд” анаънаси, “Уч авлод учрашуви” ташкил этилиб, бугунги ёш авлод “тирик тарих” билан юзма-юз бўлишига имкон яратди.
Шу боисдан ҳам жорий йилнинг 18 ноябрь куни Термиз шаҳрида "Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари" шиори остида "Уч авлод учрашуви" ташкил этилди.
Даставвал, Сурхондарё вилоятига ташриф буюрган фахрийлар Термиз туманида жойлашган Ал-Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳида бўлишиб, у ерда мангу қўним топган авлиёлар ҳаққига дуолар қилишди.
Шундан сўнг, Термиз шаҳридаги “Ёшлар ишлари агентлиги” биносида ташкил этилган "Уч авлод учрашуви"да иштирок этишди.
Тадбир аввалида, Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.С.Исмоилов сўзга чиқиб, маънавий-маърифий тадбиридан кўзланган мақсад тарихдан тўғри сабоқ чиқарган ҳолда буюк келажакка илдам қадам ташлаш, шу билан биргаликда, устоз-шогирд анъаналарини янада ривожлантириш эканлигини таъкидлаб, меҳмон сифатида таклиф этилган яъни ички ишлар органларида узоқ йиллар давомида фидойилик билан хизмат қилган, генерал-лейтенант Матлюбов Баходир Ахмедович ва Ички ишлар вазирлиги фахрийлар кенгаши аъзолари генерал-майор Каримов Раим Каримович, полковник Азизхўжаев Аваз Аббосовичларнинг юртимиз тинчлиги ва тараққиёти ҳамда ички ишлар органларини ривожи йўлида қилган машаққатли хизматлари ҳамда ёш ходимларни она Ватанимизга муҳаббат, ўз хизмат бурчига садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги улкан тажрибаларини ёшларга етказиб, фахрий меҳмонлар билан таништириб ўтди.
Сурхондарё вилояти ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган ходимлар, соҳа фахрийлари ва ИИВ Сурхондарё академик лицейнинг ўқувчилари иштирок этган мазкур маънавий-маърифий тадбирга узоқ йиллар ички ишлар органларининг раҳбарлик лавозимларида, шу жумладан Ички ишлар вазири лавозимида хизмат қилган истеъфодаги генерал-лейтенант Б.A.Матлюбов таклиф этилганлиги ва унга ИИВ фахрийлар кенгашининг фаол аъзолари ва ИИВ Академияси профессори полковник Ш.Р.Қобиловларнинг ҳамроҳлик қилганлиги учрашувга ўзгача файз ва шукуҳ бағишлади- десак, муболаға бўлмайди.
Дастлаб сўз олган истеъфодаги генерал-лейтенант Б.A.Матлюбов мамлакатимиз ички ишлар органларининг узоқ ва яқин тарихига тўхталиб, айниқса мустақилликнинг илк йилларида уюшган жиноятчилик, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш борасида амалга оширилган чора-тадбирларни баён қилиб, бу жараёнда хизмат қилган ички ишлар органлари ходимларининг фаолиятидан мисоллар келтириб, Сариосиё воқеаларини ёдга олиб, ички ишлар органлари ходимларининг жасорати ва фидойилиги келгуси авлодлар учун ҳаёт мактаби бўлиб хизмат қилиши кераклигини таъкидлаб ўтди.
Шундан кейин сўзга чиққан ИИВ фахрийлар кенгашининг аъзолари ҳам ўз ҳаёт ва хизмат йўлидаги залворли даврларни ва муваффақиятга эришган онларини иштирокчилар эътиборига етказиб, бугунги ёш авлод “ички ишлар органи ходими”- деган шарафли номга муносиб бўлиши учун ўз устида тинимсиз ишлаши, билимларни пухта эгаллаши ва асосийси халққа ва Ватанга садоқат билан хизмат қилишни ўзининг “муқаддас бурчи”- деб, билиши лозимлигини айтиб ўтдилар.
ИИВ Академияси профессори полковник Ш.Р.Қобилов эса иштирокчиларга Б.A.Матлюбов муаллифлигида чоп этилган "Ўзбекистонда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш тарихи" номли китобнинг яратилиш тарихи ҳамда ундан жой олган факт ва фикрлар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Шундан кейин ушбу китобнинг бир нечта нусхаси Сурхондарё вилояти ИИБнинг бир гуруҳ ходимлари ва фахрийларига муаллиф томонидан дастхат асосида совға қилинди.
Шу билан бирга, ИИВ Сурхондарё академик лицейининг билимдон ўқувчиларига Ўзбекистон Республикаси ИИВ вазирининг стипендиялари, ИИВ Академияси томонидан, Термиз давлат университети талабалари ва ИИВ Сурхондарё академик лицейининг бир қатор билимдон ўқувчилари китоблар тўплами ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ўз навбатида иштирокчи ёшларнинг ички ишлар органлари фаолиятини яна-да такомиллаштириш тўғрисида билдирган фикр-мулоҳазалари тингланди.
Таклиф этилган меҳмонларга тадбир якунида анъанага кўра Сурхондарё миллий кийимлари кийдирилиб, бошқарманинг эсдалик совғалари топширилди.
Сермазмун суҳбатларга бой бўлган ушбу маънавий-маърифий тадбир иштирокчиларнинг хотирасидан ўчмас жой олиши билан биргаликда, уларнинг келгуси ҳаёт йўлларини ёритувчи зиё бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech