5 Май 2021 йил 527

Сурхондарё вилояти ИИБда Мурожаатлар билан ишлаш тартибига оид семинар-теринг ўтказилди

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва ИИВ масъул ходимлари иштирокида семинар-тренинг ўтказилди. Тренинг мавзуси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятига бағишланди.
Ташкил қилинган семинар-тренингни вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда жойлардаги ички ишлар бўлимларида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш”га масъул бўлган ходимлар учун катта аҳамият касб этди.
Сабабики, Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига йўлланган мурожаатларнинг натижаларини электрон тизимга бириктиришда, мурожаатдаги масалани қандай қонуний ҳал этишнинг ҳуқуқий асослари ҳақида семинар тренингда кенг ва етарли бўлган тушунчалар берилди.
Семинар-тренингда, Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига 2020 йил давомида ўртача бир миллионта мурожаат келиб тушганлиги, ушбу мурожаатларнинг 12 фоизи ички ишлар органларида кўриб чиқилганлиги таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари томонидан тизимда йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларни бартараф қилиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тўғрисида ҳамда Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида Қонун ва ИИВнинг тегишли буйруғининг айрим қоидаларни йиғилиш иштирокчиларига оддий ва содда тилда тушунтириб беришди.
Виртуал қабулхонага келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида дуч келаётган муаммоли вазиятлар бўйича ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Семинар-тренинг давомида берилган саволларнинг барчасига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими С.Н.Мамадиев томонидан батафсил тушунтирган ҳолда тўлиқ ва аниқ ҳамда оддий ҳалқ тилида жавоблар берилди. Ходимлар берилган саволларга тўла жавоб олишганидан, ўз миннатдорчилигини маълум қилишди.
Семинар-тренинг якунида вилоят ИИБ Ташкилий бошқарма бошлиғи И.Б.Исманов, ушбу семинар-тренинг тарихий учрашув бўлганлигини, Президент Администрациянинг масъул ходими билан бевосита бундай учрашувлар илгари бўлмаганлигини, бу учун Президент Админиятрацияси раҳбариятига ва масъул ходимларига ўз миннатдорчилигини билдириб, шу каби семинар-тренинг машғулотларини келгусида давомли равишда ўтказиб бориш бўйича ўз таклифини билдириб, ушбу семинар-тренинг Сурхондарё вилояти Ички ишлар органлари мурожаатлар билан ишлаш тизимига ўзининг ижобий самарасини беришига ишонч билдириб ўтди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech