Сурхондарё вилояти ИИБда “ЭЛ-ЮРТ ОРОМИНИ АВАЙЛАБ АСРАБ...” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 25 октябрь куни Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасида, бошқарма бошлиғи полковник Абдувоҳид Исмоилов ташаббуси билан бошқарма бошлиғи ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, “Халқ посбони” газетаси бош муҳаррири Жуманазар Аноров муаллифлигида, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланиб, “SURXON-NASHR” нашриёти томонидан чоп этилган, “ЭЛ-ЮРТ ОРОМИНИ АВАЙЛАБ АСРАБ...” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда бошқарма бошлиғи, унинг ўринбосарлари ҳамда барча соҳавий хизмат раҳбарлари, соҳа фахрийлари иштирок этишди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ички ишлар органлари ходимларига айтилган фикрлари билан бошланган. Ундан сўнг кириш, қисқача Сурхондарё вилояти ҳақидаги маълумотлар, вилоят ички ишлар бошқармасини бошқарган бошлиқлар, мустақиллик йилларида “полковник” махсус унвонини олганлар, кадрлар масаласи, давлат мукофотига сазовор бўлган ходимлар, соҳавий хизматлар, шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари фаолияти ёритиб борилган.
Шунингдек, вилоят ИИБда хизмат қилиб, бўш вақтида ижодкор, шоир, рассом сифатида ўзининг асарларини матбуотда ёритиб келаётганлар, узоқ йиллар давомида тизимда ишлаб пенсияга чиқиб, бугунги кунда ёш ходимлар билан “Уч авлод” учрашувларини ташкил этаётган фахрийларнинг хотиралари, эсдаликлари ва тилаклари ўрин олган.
Энг асосийси, китобда Ўзбекистон Республикасининг учта давлат билан боғлаб турувчи Сурхондарё вилояти Афғонистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон Республикалари билан чегарадош бўлган Сурхон воҳасида истиқомат қилувчи аҳолининг тинчлиги ва фаровонлигини асраб авайлаётган Ватан учун жонини фидо қилган мард, жасур, довюрак ички ишлар органлари ходимларининг қаҳрамонликлари ва жасоратларини эътироф этилиши таҳсинга лойиқдир.
Шу билан биргаликда китобда “Жиноятга жазо муқаррар” номли бўлимида жиноят қидирув хизмати ходимлари томонидан жиноятчиликни “иссиқ изида” фош этишдаги тажрибалари ва маҳоратлари оқибатида турли воқеалар акс эттирилганки, бу ўқувчини ва келажак авлодни ўзига ром этиш билан биргаликда уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириб боради.
Умуман олганда китоб Ўзбекистонда ички ишлар органларининг ҳаққоний тарихини яратиш ва шу асосда ёш авлодни, мутахассис кадрларни тайёрлаш, уларнинг ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилганлиги алоҳида таъкидланди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати