Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдувоҳид Исмоилов томонидан ИИВ Академияси тингловчилари учун онлайн “Master-klass” ўқув машғулоти ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 25 августдаги 298-сон буйруғи асосида, жорий йилнинг 24 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдувоҳид Исмоилов, Ички ишлар вазирлиги Академияси кундузги таълим бакалавр босқичининг Сурхондарё вилоятидан жамланган курсантлари, магистратура тингловчилари ва ихтисослаштирилган кафедраларнинг профессор-ўқитувчилари иштирокида онлайн мастер-класс ўқув машғулоти ўтказилди.
Ўтказилаётган онлайн мастер-класс машғулотларидан кўзланган асосий мақсад, ИИВ Академияси ўқув жараёнидаги асосий муаммоларидан бири бўлган назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда курсантлар олаётган назарий билимларини амалиётда қўлланишини солиштириш имконини яратишдан иборатдир.
Машғулот аввалида, Сурхондарё вилояти ҳудудидаги жиноятчилик аҳволи, жиноятларнинг ортган турлари, келиб чиқиш сабаб ва омиллари, шарт-шароитлари, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари, Сурхондарё вилоятида жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар тезкор-профилактикаси соҳасида амалга оширилаётган тадбирлар ҳамда ИИВ Академиясида мутахассисларни тайёрлашда эътиборга олиниши лозим бўлган масалалар хусусида сўз юритди.
Курсантлар ўз ҳудудларидаги криминоген вазиятдан келиб чиқиб, қайси масалаларга эътибор қаратиш лозимлиги, ўз ҳудудларидаги муаммоларни профессор-ўқитувчилар билан биргаликда таҳлил қилиб, ушбу муаммоларнинг назарий ечимларини қандай топиш йўлларини ўрганиши уларнинг амалиётда жиноятчиликни очишда яхши натижаларга эришишига замин яратади.
Ваҳоланки, бугунги ислоҳотлар, давр талаби Ички ишлар органларидан жиноятларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки уларнинг содир этилишига йўл қўймаслик ва барвақт олдини олиш талаб этмоқда. Жиноятга сабаб бўладиган омилларни таҳлил қилиш эса айнан йўл қўйилаётган камчиликларни аниқлашда ва бунинг олдини олишда асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Сўнги йилларда “Хавфсиз шаҳар” ва “Хавфсиз ҳудуд” концепциялари жорий этилгани, жиноятчиликни жиловлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида маҳалладаги муаммоларини “маҳаллабай”, “соҳабай” ва “оилабай”, “фуқаробай” аниқлаб, “хавфсиз ҳовли” тамойили асосида маҳаллаларда “ижтимоий профилактика" тизими йўлга қўйилганлиги ҳам айни шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Бу эса фуқароларимизда адолат ва қонун устуворлигига ишонч ҳиссини янада оширмоқда.
Машғулотлар давомида Сурхонадрё вилоятидаги криминоген вазият, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ишларнинг ўзига хос хусусиятлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шунингдек, вилоятнинг криминоген вазияти ҳамда ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, жиноятчиликка қарши курашиш, йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, хавфсиз туризмни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишдаги долзарб масалалар бўйича курсантларга тегишли тушунчалар бериб ўтилди.
Айтиш керакки, келгусида вилоятимизга – ИИВ Академиясининг тегишли кафедрасини бириктириб, амалиётда учраётган муаммоли ҳолатлар, жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, таҳлил қилиш, прогнозлаш ва аниқ ташхис қўйишда илмий жиҳатдан ёндашиб, ҳамкорликда фаолият олиб бориш масаласи ўртага ташланди. Бу эса янги Ўзбекистонни қуриш, учинчи ренессанс пойдеворини барпо этиш даврида энг муҳим йўналишларидан бири бўлган – қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жиноят учун жазо муқаррарлигини таъминлашда ёрдам беради. Албатта, бунинг учун ҳар бир курсант назарий ва амалий билимлар билан чекланиб қолмасдан, қонунчиликда киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалардан хабардор бўлиши, бу йўналишда мавжуд адабиётларни ўқиб, хорижий тажрибаларни ўрганиш, бир сўз билан айтганда, ҳар томонлама билимдон ва етук кадр бўлиб етишишлари учун, ўз устида мунтазам ишлаши талаб этилади. Ўқув машғулотида айни шу масалалар хусусида ҳам тўхтаб ўтилди.
Очиқ ва мунозараларга бой бўлган ўқув дарсида курсантлар ўзларини қизиқтирган саволларга бошқарма бошлиғидан тегишли жавоблар олишди.
Машғулот якунида бошқарма бошлиғи Абдувоҳид Исмоилов Ички ишлар вазирлиги Академияси курсантларининг ўқув жараёнида, шунингдек амалий иш фаолиятини бошлаш даврида юзага келиши мумкин бўлган муаммоли вазиятлар, ёш кадрлар дуч келаётган қийинчиликлар ва уларни бартараф этиш билан боғлиқ ечимлар хусусида ўзининг фикр-мулоҳазаларини, таклиф ҳамда тавсияларини ҳам бериб ўтди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати