Сурхондарё вилояти 3-сектор раҳбари ёшлар билан учрашувда ёшлигини эслади
Бугун 15 июнь куни Сурхондарё вилоятида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилаётган ёшлар фестивали бошланди.
“Ёшлар ойлиги” муносабати билан ташкил этилган тадбир доирасида муҳташам Ёшлар марказида “Ички ишлар бошлиғи ва ёшлар учрашуви” ҳам бўлиб ўтди.
Унда Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдувоҳид Саломович Исмоилов ва учинчи сектор ёшлари ИИБ бошлиғининг болалик, талабалик йиллари ва меҳнат фаолияти ҳақида қизиқарли саволларни ўртага ташлади.
Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ёшлар томонидан берилган саволларга самимий жавоб берди. Болалик йиллари, талабаликнинг олтин даври ва меҳнат фаолиятида юз берган ибратли воқеалар тўғрисида сўзлаб берди. Билимга чанқоқ, изланувчан ёшларда замонавий ахборот технологияларидан тўғри ва самарали фойдаланиш, кўпроқ ўз устида ишлаш, китоб мутолаа қилиш кўникмасини мустаҳкамлашнинг ҳаётда ўз ўрнини топишдаги аҳамияти ҳамда ички ишлар соҳасида учрайдиган қизиқ ҳодисалар, вазиятлар, оғир воқеалар ҳақида фикр алмашди.
–Бизнинг ўспиринлик, ёшлик даврларимизда ҳозиргидек шароит ва имкониятлар бўлмаган,–деди А.Исмоилов.– Мослаштирилган мактабда ўқиганмиз. Бугун биз сизлар ўқиётган таълим муассасаларига ҳавас қиламиз. Фанларни чуқур ўзлаштиришингиз, касб сирларини мукаммал эгаллашингиз ва истеъдодингизни кенг намоён этишингиз учун барча қулайлик яратилган. Фақат бу имкониятлардан оқилона фойдаланиш керак, холос.
Очиқ мулоқотда иштирок этган ёшлар учрашувда сўзга чиқиб, жамиятни янада ривожлантириш, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш, миллий қадриятларимизни қайта тиклаш орқали ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби кўплаб масалаларда таклиф ва ғояларини илгари сурди.
Қизиқарли савол-жавоб ва таклифларга бой бўлган мотивацион учрашув якунида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А. Исмоилов Янги Ўзбекистон ёшларининг ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши учун тегишли маслаҳатлар бериб, уларнинг келгусидаги ўқиш ва ишларига омад тилади.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати