10 Июл 2024 йил 534

Сурхондарёда "Турмуш" профилактик тадбири доирасида ўқув семинари ташкил этилди.

Турон замини бўлмиш Ўзбекистонда оила-муқаддас даргоҳ саналиб, эр ва хотин ўртасидаги никоҳ эса бузилмас ришта сифатида қаралади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV боби ҳам оилага бағишланган бўлиб, 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат мухофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” деб таъкидланган.

Халқимизда янги оила вужудга келиши билан турмушда дуч келадиган муаммо ва ташвишларнинг ечимини янги рўзғор эгаларига ташлаб қўйишмайди.

Янги оилага ота – оналари, яқин қариндошлари, қолаверса маҳалла куй, мамлакатимизда фаолияти йўлга қўйилган хотин-қизлар кўмиталари, “Оила” илмий-амалий марказлари, Ички ишлар бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилот-идоралар ҳам эътибор қаратиб оғирини енгил қилишга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда бизнинг давлатимизда оила масаласига давлат сиёсати даражасида қаралиб келинади.

Маҳаллаларда ташкил этилган “еттилик” фаоллари томонидан ҳудудда ҳуқуқбузарлик содир этиш ва ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган оила аъзоларига қўлланиладиган ижтимоий профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш, маҳалла фаоллари билан биргаликда улар билан якка тартибдаги профилактик тушунтириш ишларни амалга ошириш, ҳудудда миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни тарғиб қилиш, соғлом ижтимоий-маънавий муҳитнинг барқарорлигини таъминлаш йўналишларида узвий ҳамкорлик янада кучайтирилди.

Республиканинг барча маҳаллаларини жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсадида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўртасида тасдиқланган ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, унга кўра жорий йилнинг 5 июль кунидан 5 август кунига қадар кенг қамровли "Турмуш" профилактик тадбири ўтказилмоқда.

Бунинг биргина мисоли сифатида вилоятимизнинг Ат-Термизий илмий тадқиқот марказида барча шаҳар-туман хокими ўринбосарлари, вилоят Ижтимоий ҳимоя агентлиги ҳузуридаги аёлларни реаблитация қилиш ва мослаштириш маркази мутахассислари, 106 нафар отинойилар иштирокида Хотин-қизлар ўртасида ва оила турмуш доирасида содир этилаётган жиноятларнинг барвақт олдини олишга қаратилган ўқув семинар ташкил этилди.

Ўқув семинарда илмий тадқиқот маркази ўқитувчилари, Ички ишлар бошқармаси ҳамда Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ходималари бир қатор долзарб мавзуларда ўзларининг танқидий фикр-мулоҳазаларини илгари суришди.

Шунингдек, оилаларда ўзаро низолашиш оқибатида аёллар томонидан содир этилаётган жиноятлар ва уларни қандай бартараф этиш масалалари юзасидан Сурхондарё вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлик хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ў.Эшимова томонидан сўз юритилиб, вилоят ҳудудида хотин- қизлар ва оила-турмуш доирасида    содир этилган жиноятлар таҳлилига тўхталиб ўтди.

Ўқув семинарида сўз олган дин вакиллари, ислом динида аёл ва эркакнинг бурч ва вазифалари, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар ҳамда исломдаги оила билан боғлиқ асосий тамойиллар ҳақида савол-жавоб тариқасида бўлиб ўтди.

Ўқув семинарда, иштирокчилар вилоят ҳудудида ўтказилаётган кенг қамровли “Турмуш” профилактик тадбирида фаол иштирок этишлари, шу билан бирга  вилоят ҳудудидаги барча оилаларга кириб, уларнинг муаммоларини ўрганишда, аниқланган муаммоларни ижобий бартараф қилишда ҳамкорликка чорлади. Иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан тегишли жавоблар олишди.

Text to speech