12 Декабр 2022 йил 462

Сурхондарёда содир этилган дўкон ўғирликлари жинояти фош этилди

Жорий йилнинг ноябрь ойининг охирги 10 кунлигида, вилоятнинг Денов (3 та), Шўрчи (2 та), Ангор (1 та) ва Музработ(1 та) туманлари ҳудудида бир қатор дўконларда тунги вақтларда юзига ниқоб тақиб олган номаълум шахслар томонидан ўғирлик жиноятлари содир этилган. Жиноятни содир қилган шахслар эса кулранг “Нексия-2” русумли автомашинага ўтириб, воқеа жойидан номаълум томонга яширинган.

Жумладан, 2022 йил 25 ноябрь куни Денов тумани “Намуна” маҳалласида яшовчи К.А. вилоят ИИБда мавжуд бўлган 102 рақамига қўнғироқ қилиб, Денов тумани “Намуна” махалласида жойлашган озиқ-овқат дўконидан тахминан 10.000.000 (ўн миллион) сўм миқдоридаги пуллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари ўғирлаб кетилганини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор қидирув ва суриштирув давомида, жиноятчилар кулранг “Нексия-2” русумли автомашинада келганлиги аниқланди.

Иккинчи ҳолат эса Денов тумани “Янгиҳаёт” маҳалласида жойлашган озиқ-овқат дўконида 2022 йил 22 ноябрь кунидан 23 ноябрь кунига ўтар кечаси содир этилган. Гумонланувчилар ва улар ҳаракатланган автомашинанинг ҳаркатлари ўрганилганда, гумонланувчи шахс соат 04:32да дўкон ичкарисига кириб, 04:37да дўкон ичидан чиқиб кетганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор қидирув ва суриштирув давомида жиноятчилар ҳаракатланган автомашина - кулранг “Нексия-2” русумли автомашина эканлиги ва 4 та балонига ҳам “Лассети” автомашинасининг калпаги қўйилганлиги ҳамда ушбу автомашинанинг давлат рақами 30 * ??? **рақами билан бошланиши аниқланган.

Учинчи ҳолат ҳудуддаги “Қорахон” маҳалласида яшовчи фуқаро А.Б.нинг озиқ-овқат дўконида 2022 йил 24 ноябрь кунидан 25 ноябрь кунига ўтар кечаси содир этилган. Бунда гумонланувчиларнинг ташқи кўриниши ўрганилганда, ўғирлик содир этилган аниқ вақти 00:59 ларда дўкон ичкарисига кириб, 01:03да дўкон ичидан чиққанлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича ҳам олиб борилган тезкор қидирув ва суриштирув давомида, гумонланувчилар келган автомашина -кулранг “Нексия 2” русумли автомашина эканлиги ва 4 та балонига ҳам “Лассети” автомашинасининг калпаги қўйилганлиги ҳамда олиб борилган суриштирувлар натижасида ушбу автомашинанинг ҳайдовчи томон орқа фарасининг бири ёнмаслиги аниқланган.

Кейинги ўғирлик 2022 йил 28 ноябрь кунидан 29 ноябрь кунига ўтар кечаси, Шўрчи тумани “Бобур” маҳалласида жойлашган савдо дўконида содир этилиб, дўкон эгасига тегишли 2.500.000 сўм пулларини ўғирлаб кетилган. Ушбу ҳолат бўйича Шўрчи тумани ИИБ ЖҚБ ходими капитан Ж.Эшонқулов томонидан суриштирув ишлари олиб борилганда, тумандаги “Бобур” маҳалласида жойлашган савдо дўконига соат тахминан 01:52 ларда номаълум шахслар “Нексия-2” автомашинасида келиб, дўкон эшигини қулфини бузиб очиб, дўкон ичидаги кассада бўлган 2.500.000 (икки миллион беш юз минг) сўм пулларини ва сигарет, сув ва бананларини ўғирлаб соат 01:59 ларда дўкондан чиқиб кетганлиги ҳолати дўконда ўрнатилган видеокузатув камерасига тушиб қолганлиги аниқланган.

2022 йил 29 ноябрь кунидан 30 ноябрь кунига ўтар кечаси шунга ўхшаш ўғирлик Ангор тумани “Гулистон” маҳалласи Ат-Термизий кўчасида жойлашган “Самира Маркет Ангор” оилавий корхонасига қарашли озиқ-овқат дўконида рўй берган. Яъни озиқ-овқат дўконига соат тахминан 02:18ларда Шеробод тумани томондан ҳаракатланиб келган кулранг “Нексия-2” русумли автомашинада 2 нафар номаълум шахслар келиб, 1 нафари автомашина ичида қараб турган. Шу вақтда юзида тиббиёт ниқоби ва қўлига тиббиёт резина қўлқопларини кийган 2 нафар номаълум шахслар автомашинадан тушган ва дўкон томонга ҳаракатланиб, озиқ-овқат дўконининг эшигини “атвёрка” ёрдамида очиб, қўлидаги фонарикни ёқиб, дўкон ичкарисига кирган. У ердаги пуллар сақланадиган жой - шкафда савдодан тушган 1.700 АҚШ доллари, 22.000.000сўм пулларини ва “Новей Т300” маркали телефон аппаратини ўзи билан олиб келган полиэтилен пакетга солиб, озиқ-овқат дўконидан чиққан. Ташқарида автомашинада кузатиб ўтирган иккинчи номаълум шахс эса машинадан  тушиб келиб, дўкондан чиққан жиноий шеригининг қўлидаги полиэтилен пакетни олиб, автомашинага олиб бориб қўйган. Дўкондан ўғирлик қилиб чиққан шахс эса озиқ-овқат дўконининг ёнида бўлган “Алко маркет”дўконига эшикни атвёрка билан бузиш йўли орқали ичкарига киришга уринган, лекин уддалолмаган. Кейин у ўзлари келган автомашинага ўтириб, Ангор тумани маркази томон ҳаракатланган. Ушбуномаълум шахслар ҳодиса содир этилган жойдан соат тахминан 02:45 ларда чиқиб кетишган. Ушбу кулранг “Нексия-2” русумли автомашинанинг ҳам  тормоз урган вақтида орқа чап томондаги фараси ёнмаслиги,  шиналарида 15 диаметрлик белгилари мавжудлиги аниқланган.

Олтинчи ҳолатда         2022 йил 1 декабрь кунидан 2 декабрь кунига ўтар кечаси соат 01:00 лар атрофида Музработ тумани “Орият” махалласида жойлашган савдо дўкони ёнида кулранг рақамсиз  “Нексия-2” русумли автомашинадан бир нафар номаълум шахс тушиб, савдо дўкони олди эшиги ёнига келган ва дастаси қора рангли пичоқ билан акфа эшигини очаётган вақтида, қоровулхонада ётган - вояга етмаган А.Б. эшикни ташқаридан кимдир очаётганлигини сезиб қолади. У  қоровулхонадан чиқиб, савдо дўконига ўтганда, юзида қора рангли ниқоб таққан, қўлида дастаси қора рангли пичоқ билан номаълум шахс А.Б.га “Олдимга яқинлашма, келсанг ўлдираман”, деб тахдид қилган. Шундан сўнг, номаълум шахс савдо дўкондан чиқиб, келган автомашинасига ўтириб, воқеа жойидан яширинган.

Мазкур жиноятларни содир этиб юрган шахсларни қўлга олиш юзасидан ИИБ ходимлари томонидан тегишли суриштирув олиб борилиб, дўкон ва ақлли бекатларида мавжуд кузатув камераларига тушиб қолган икки нафар фуқаронинг ташқи кўриниши, кийимлари ҳамда бошқарувидаги автомашинаси юзасидан кузатув олиб борилди. Натижада  мазкур фуқаролар 2 нафар эканлиги, юзига тиббиёт ниқоби, қўлида тиббиёт қўлқоплари тақиб, кулранг “Нексия” русумли автоуловда давлат рақам белгиси ёпиқ ҳолатда содир этиб юрганлиги аниқланди.

Ўғирлик жиноятларини содир этган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиш мақсадида Шўрчи тумани ИИБ, Денов тумани ИИБ ва вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда суриштирув ҳаракатлари олиб борилди.  Олинган тезкор маълумотга асосан кузатув камерасига тушиб қолган кулранг “Нексия 2” автомашинаси Денов тумани “Намуна” маҳалласида ҳаракатланиб кетаётган вақтида назорат тартибида тўхтатиб текширилганда, ушбу автомашина ичида яьни бошқарувида Денов туманида яшовчи А.Ш. борлиги аниқланди. Автомашина ичи кўздан кечирилганда ўғирлик жиноятлари содир этилган вақтларда автомашинаси рақами беркитилган темирдан ясалган М5  ёзувли 2 дона рақамлар, дўконлар ва ақлли бекатларни очиш учун фойдаланилган бир дона қора рангли пичоқ ва унинг ғилофи ҳамда бир дона қора рангли ёритиш мосламаси борлиги аниқланди.

Суриштирувлар давомида Денов туманида яшовчи А.Ш. ўзининг автомашинасида Термиз шаҳрида яшовчи таниши Ф.Ш. билан биргаликда доимий равишда вилоят ҳудуди бўйлаб, дўкон ва ақлли бекатларда ўғирлик  жиноятларини содир этиб юрганликлари ойдинлашди. Гумонланувчи Ф.Ш. ҳам вилоят ИИБ Тезкор қидирув хизмати ходимлари томонидан Термиз шаҳар ҳудудида қўлга олинди.  Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қўшимча суруштирув ишлари олиб борилмоқда.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech