13 Май 2022 йил 418

Сурхондарёда, пробация назоратидаги шахсларнинг муаммолари ўрганилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 февралдаги “Ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида қатор вазифалар белгилаб берилган бўлиб, унда, шаҳар-туман Ички ишлар бўлими Жамоат хавфсизлиги хизмати Пробация гуруҳлари, ҳудудий Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, маҳалла ва нуроний фаоллар хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ёшлар агентлиги вакиллари билан ҳамкорликда пробация назорати остидаги шахсларнинг соҳаларга оид муаммоларни аниқлаб, бартараф этиш чоралар кўзда тутилган.
Таъкидланганидек, бошқарма Жамоат хавфсизлиги хизмати Пробация бўлими ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда шаҳар-туманлардаги пробация назорати остидаги шахсларнинг муаммоларини ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан “Ишчи гуруҳ” тузилиб улар бошчилигида “Сайёр қабул”лар ташкил этилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири куни кеча вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Пробация бўлими биносида ташкил этилиб, унда Термиз шаҳар ҳамда Термиз тумани Ички ишлар бўлими Жамоат хавфсизлиги хизмати Пробация гуруҳларида назорат остида турувчи 36 нафар шахслар иштирок этишди. Учрашув давомида 21 та назорат остидаги шахсларнинг муаммолари аниқланди. Улардан 5 нафарининг муаммолари жойида бартараф этилди. 13 нафарининг муаммоларини қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида аниқ вазифалар белгиланиб, ижроси назоратга олинди. 3 нафарига ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 февралдаги “Ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят миқёсида Пробация гуруҳи ҳисобида турувчи 3 897 нафар шахслар учун шаҳар-туман Бандликка кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликда 29 маротаба “Ишга марҳамат” тадбирлари ташкил этилиб, 112 нафар шахснинг бандлиги таъминланди.
Қолаверса, назорат остидаги шахсларнинг қайта жиноят содир этиш хавфини аниқлаш ва бунга йўл қўймаслик мақсадида, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда муайян касбга эга бўлмаган 61 нафар шахслардан 9 нафари қайта касбга йўналтириш бўйича ўқишга жойлатирилиб, 51 нафари эса қайта касбга ўқитилди.
Назорат остидаги шахсларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида, вилоятнинг Шеробод ҳамда Жарқўрғон туманларида 3-сектор ва ҳудудий маданият ва спорт бўлинмалари билан ҳамкорликда “ИИБ бошлиғи кубоги” спорт мусобақалари ташкил этилиб, тадбирларда жами 115 нафар назорат остидаги шахсларнинг иштироки таъминланди. Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган. Муҳими эса бу каби тадбирлар давом эттирилмоқда.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech