Сурхондарёда ноқулай об-ҳаво шароити аҳоли хавфсизлигига дахл қилмаслиги керак...
Мамлакатимизда об-ҳавонинг инжиқ келиши оқибатида, ҳароратининг кескин совиб кетиши кузатилаётганлиги сабабли фуқароларнинг йўлларда ҳаракатланиши, аҳолининг газ, электр-энергия, ёқилғи ва бошқа масалалар билан боғлиқ муаммолари юзага келиши аҳолини бир мунча қийин аҳволга солиб қўймоқда.
Мазкур муаммоларни зудлик билан бартараф этиш ва фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида, барча ҳудудларда (республика-вилоят-шаҳар-туман) тегишли ташкилот ҳамда идораларнинг масъул ходимлари таркибидан иборат тезкор штаб ташкил қилинди. Сурхондарё вилоятида юзага келган ноқулай об-ҳаво шароитида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда беталофат ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Саидкарим Нишанбаев республикадан масъул этиб бириктирилди.
Жорий йилнинг 12 декабрь куни Ички ишлар Вазири ўринбосари томонидан, аҳолининг норозилигини уйғотиши мумкин бўлган масалалар бўйича ишчи гуруҳ ходимлари ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармасида барча идора ва ташкилотлар таркибидан ташкил этилган штаб аъзолари ҳамда аҳолининг муаммоларини тез ва сифатли ўрганиш, ижобий ҳал этиш мақсадида вилоят ИИБда ташкил қилинган “1055” қисқа рақамли “Call center” фаолияти билан яқиндан танишиб ишчи гуруҳга тегишли йўриқномалар бериб ўтди.
Шунингдек, кўмир захиралари билан танишиш мақсадида Термиз тумани “Янгиер” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Кўмир омбори” билан танишиб аҳолига ва ижтимоий соҳа обеъктларига кўмир тарқатиш жараёнлари, “Янгиҳаёт” маҳалласида жойлашган 4-сонли МТТ, 3-сектор ҳудудига қарашли “Орол” маҳалласида жойлашган 12-сонли МТТнинг ҳам кўмир билан иситадиган иситиш тизимлари, кўмир захираси ва техник мустахкамлигини кўздан кечирди.
Бундан ташқари Термиз шаҳар “Нурли келажак” маҳалласида жойлашган “Керамика” заводи ҳамда Жўйжангал маҳалласида жойлашган “Сурхон КСП” (ДВП маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи) заводи фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Ўрганишлар давомида, иситиш тизимларининг техник мустаҳкамлигида аниқланган камчилликларни жойида бартараф этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
Ишчи гуруҳ томонидан шаҳар-туман ҳудудларида аҳолининг муаммоларини ўрганиш ишлари давом этмоқда.