26 Январ 2024 йил 815

Сурхондарёда намунали “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 мартдаги ПФ-6196-сонли “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Ички ишлар органларининг таянч пунктлари негизида босқичма-босқич маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларини ташкил этиш белгиланганди. Ушбу жараён амалиётга татбиқ этилиб, ҳозирга қадар улар  “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскан”ларининг қабул қилинган Низоми асосида жойларда самарали фаолият юритиб келмоқда. Эндиликда Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 23-июндаги 343-сон “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳамда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида вилоятдаги 724 та маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш борасидаги амалга оширилаётган ишларни муносиб рағбатлантириш мақсадида жорий йилнинг 26 январь куни  “Ёшлар маркази”да “Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари” кўрик танловининг вилоят босқичи ўтказилди. 

Тадбирда вилоят Ички ишлар органлари шахсий таркиби, ИИВ Сурхондарё академик лицейи ўқувчилари, Ички ишлар идораларида узоқ йиллар самарали ишлаб пенсияга чиққан нуронийлар, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимлари, Олий таълим муассасалари талабалари, Маҳалла ва нуронийлар ҳамда Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бошқармалари ходимлари ҳамда бошқа жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Кўрик танловда 11 та, яъни “Энг фаол сектор раҳбари”, “Энг фаол профилактика инспектори”, “Энг фаол маҳалла фуқаролар йиғини раиси”, “Энг фаол ҳоким ёрдамчиси”, “Энг фаол хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор”, “Энг намунали хотин-қизлар фаоли”, “Энг фаол ёшлар етакчиси”, “Энг фаол вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психолог”, “Энг фаол пробация хизмати инспектори”, “Энг фаол патруль-пост хизмати инспектори”, “Энг фаол йўл-патруль хизмати инспектори” номинацияларида ғолиб бўлганлар вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаккурномалари, пул ва бошқа қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.

Шунингдек, кўрик танловда вилоятдаги 36 та ҳуқуқ-тартибот масканлари ичидан энг намуналиси саралаб олинди. Жумладан, намунали “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” номинациясида Қизириқ туман ИИБ 1-сонли маҳалла ҳуқуқ тарғибот маскани профилактика катта инспектори капитан Норқувватов Ойбек Суюнович 3-ўринга, Шўрчи туман ИИБ 1-сонли маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика катта инспектори капитан Джумабоев Элдор Саитмуротович 2-ўринга муносиб деб топилиб вилоят ИИБнинг пул ва қимматбаҳо совғалари берилди.

Тадбирнинг мутлоқ ғолиби деб, Шеробод туман ИИБ 2-сонли маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика катта инспектори майор Муқумов Юлдош Абдуллаевич эътироф этилиб, вилоят ИИБ бошлиғининг ташаккурномаси, пул ва бошқа қимматбаҳо совғалари билан тақдиланди ва “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” кўрик-танловининг минтақавий босқичига иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.

Text to speech