22 Май 2023 йил 601

Сурхондарёда Кинология ходими кўп миқдорда гиёҳванд моддаларини ўтказиш жиноятини фош этди

Жорий йилнинг 21 май куни кечки соат 22:00 лар атрофида Сурхондарё вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати  Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда Кинология бўлинмаси ходимлари, Бойсун тумани “Дарбанд” ЙПХ масканида фуқаро Т.Қобил (исм-шарифи ўзгартирилган) бошқарувида бўлган “Mercedes-Benz” енгил автомашинасини тўхтатишади. Автомашина ичи ҳамда ундаги йўловчиларнинг сумкалари текширилганида йўловчи сифатида кетаётган фуқаро М.Мўминга тегишли бўлган сариқ рангли спорт сумкасида 3 та оқ рангли целлофан пакетга ўралган ўткир ҳидли “гашиш” гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда борлиги аниқланди. Улар шу ернинг ўзида холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинди.

Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ички ишлар органлари ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилди. Жараёнда фуқаро М.Мўмин Денов тумани Сина қишлоғидаги нотаниш шахсдан ушбу целлофан пакетга ўралган модда - “қора дори”ни сотиб олганлигини маълум қилди.

Ушбу олинган ўткир ҳидли гиёҳвандлик воситаси электрон тарозида ўлчаб кўрилганида, 4 кг 080 грамм эканлиги аниқланди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ Тезкор қидирув хизмати ходимлари томонидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бугун аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларни иссиқ изида фош этишда Сурхондарё вилояти ИИБ ходимлари ана шундай ҳушёрлик билан хизмат олиб боришмоқда.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech